Мустақилликка муносиб туҳфа
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги “Тўрттом” маҳалла фуқаролар йиғинида ёшлар учун замонавий ўқув маркази фойдаланишга топширилди. Янги таълим маскани қишлоқ ёшларининг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва замонавий кўникмаларни ўзлаштириши учун яратилган яна бир муҳим имконият сифатида эътироф этилмоқда.
Очилиш маросимида туман ҳокимлиги масъуллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбирда мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланди.
Қайд этилганидек, янги марказ маҳалладаги йигит-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларга замонавий билим ва амалий кўникмалар бериш, иқтидорларини рўёбга чиқариш ҳамда меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар бўлиб шаклланишларига хизмат қилади. Бу ерда ёшларнинг билим олиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.

Лойиҳа “Кўмак” дастури доирасида амалга оширилди. Унга 130 миллион сўм миқдорида ссуда маблағи йўналтирилди. Ташаббускор тадбиркор Аҳмадали Эргашев томонидан қисқа муддатда қурилиш ишлари сифатли бажарилиб, замонавий талабларга жавоб берадиган ўқув маркази барпо этилди.
Ушбу ташаббус давлат томонидан хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш ва ёшлар учун таълим инфратузилмасини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди. Айниқса, чекка ҳудудларда замонавий таълим муҳитини шакллантиришга қаратилган “Кўмак” лойиҳаси бу борада самарали механизм сифатида ўзини оқламоқда.

Бу каби лойиҳалар мамлакатимизда ёшлар сиёсатига оид ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26-мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида ёшларнинг билим олиши, касб эгаллаши, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этилиши ҳамда улар учун янги имкониятларни яратишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилган. Зомин туманида фойдаланишга топширилган мазкур ўқув маркази ана шу вазифаларнинг амалдаги ижросини таъминлашга хизмат қилаётган муҳим лойиҳалардан бири сифатида аҳамият касб этмоқда.
Тадбир сўнггида ўқув марказининг рамзий алвон боғичи кесилиб, иштирокчилар замонавий ўқув хоналари, машғулотлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда қишлоқ ёшлари ихтиёрига тақдим этилган имкониятлар билан яқиндан танишишди.

Ишонч билдирилганидек, янги ўқув маркази “Тўрттом” МФЙ ва Зомин тумани ёшлари учун илм-маърифат ҳамда касб-ҳунар ўчоғига айланиб, уларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши, келажакда малакали мутахассис бўлиб камол топишига муносиб ҳисса қўшади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА