Мустақилликдан юксалиш сари: олий таълим ривожланишининг 35 йиллик йўли
Мамлакатимизда энг улуғ, энг азиз байрам – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг қутлуғ 35 йиллигини катта тантана билан нишонлашимизга ҳам саноқли кунлар қолди. Мустақиллик халқимизга нафақат ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини, балки ўзлигимизни қайта англаш, кўп асрлик қадриятлар ва маънавий меросимизни тиклаш, дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш имконини берган буюк неъматдир.
Бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳар бир соҳада қўлга киритилаётган улкан ютуқлар замирида ҳам ана шу муқаддас куч – мустақилликнинг қудрати мужассам. Ватан равнақи йўлида ҳаётга татбиқ этилаётган ҳар бир эзгу ташаббус мустақиллик руҳи билан уйғунлашиб, Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворини яратмоқда.
Тарихдан маълумки, ҳар қандай давлатнинг узоқ муддатли ривожланиши унинг табиий ресурслари, саноат салоҳияти ёки қулай географик жойлашуви билангина белгиланмайди. Мамлакатнинг асосий бойлиги унинг халқи, билимли, кенг дунёқараш ва замонавий кўникмаларга эга ёшлардир. Шу боис олий таълим тизимини ривожлантириш мустақил Ўзбекистон давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Ўтган давр ичида мамлакатимиз таълим тизими узоқ ва мураккаб йўлни босиб ўтди. Эски марказлашган ёндашувдан очиқлик, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, халқаро ҳамкорлик ва академик рақобатбардошликка йўналтирилган замонавий миллий тизимга ўтилди.
Миллий таълим моделини яратиш йўлидаги илк қадамлар
1991 йилгача Ўзбекистон олий таълим тизимида бошқарув марказлашган ҳолда амалга оширилар, ўқув режалари ва таълим стандартлари ягона ёндашув асосида ишлаб чиқилар, университетлар эса асосан режали иқтисодиёт учун мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган эди. Олий таълим муассасаларида академик мустақиллик деярли бўлмаган, халқаро алоқалар ҳам чекланган, тизимнинг ўзида рақобат йўқ эди.
1990 йилларнинг бошларига келиб, мавжуд тизим янги давр талабларига жавоб бермаслиги яққол кўзга ташланди. Бозор иқтисодиёти, тадбиркорлик, рақамли технологияларнинг ривожланиши ва глобаллашув жараёнлари кадрлар тайёрлаш сифатига тамомила янги талабларни қўйди. Мустақил давлатга миллий манфаатлар устувор ўрин эгаллаган, шу билан бирга халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий таълим сиёсати зарур эди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида айнан шундай тизимни шакллантириш йўлида илк қадамлар ташланди. Жумладан, меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш, таълим сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш ҳамда янги авлод мутахассисларини тайёрлаш механизмларини яратиш борасида ишлар олиб борилди.
1997 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг қабул қилиниши мамлакатимиз таълим тизимининг замонавий моделига асос солди. Айнан ўша даврда барча босқичлар – мактабгача таълимдан тортиб, олий ўқув юртидан кейинги таълим ва малака оширишгача бўлган жараёнларни қамраб олган узлуксиз тизим шакллантирилди.
Кейинги йилларда соҳани институционал ривожлантириш изчил давом эттирилди. Магистратура тармоғи кенгайди, миллий таълим стандартлари такомиллаштирилиб, кредит-модуль тизими жорий этилди, хорижий университетларнинг илк филиаллари очилди, ўқув жараёнини рақамлаштириш жадаллашди. Шунга қарамай, ёшларнинг олий таълим билан қамрови чеклангани, таълим дастурларининг эскиргани, тизимнинг иқтисодиёт эҳтиёжларига тўлиқ жавоб бермаслиги, халқаро интеграциянинг сустлиги ва университетлар илмий салоҳиятининг етарли даражада эмаслиги комплекс ечимларни талаб қилувчи долзарб муаммоларга айланди.
2010 йилларнинг ўрталарига келиб, олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилмасдан туриб, мамлакатнинг кейинги тараққиётини таъминлаш имконсиз экани аён бўлди.
Ислоҳотларнинг янги даври
“Янги Ўзбекистонда энг муҳим соҳа – таълим,
энг ҳурматли инсонлар – ўқитувчилар ва мураббийлар.”
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти.
Олий таълимни модернизация қилишда 2017 йил туб бурилиш нуқтаси бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг янги йўналишларини белгилаб берди.
Агар илгари асосий вазифа мавжуд тизимни сақлаш ва такомиллаштиришдан иборат бўлган бўлса, энди уни сифат жиҳатидан ўзгартиришга устувор аҳамият қаратила бошлади. Университет нафақат ёшларга билим берувчи маскан, балки илмий тадқиқотлар, инновациялар, халқаро ҳамкорлик маркази ҳамда келажак иқтисодиёти учун кадрлар тайёрлайдиган даргоҳга айланиши керак эди.
Келгуси йилларда қабул қилинган стратегик ҳужжатлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, халқаро таълим стандартларини жорий этиш, университетларнинг академик мустақиллигини ошириш, таълим муҳитини рақамлаштириш ҳамда таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлашга қаратилди.
Ўтган тарихан қисқа даврда мамлакат олий таълим тизимида мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўй берди. Амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида соҳанинг мазмун-моҳияти, фалсафаси тубдан ўзгарди. Яъни, мамлакатимизда замонавий талабларга жавоб берадиган мутлақо янги олий таълим модели шаклланди.
Ислоҳотларнинг натижаси, энг аввало, рақамларда ўлчанади. Шу боис айрим статистик кўрсаткичларга назар ташласак. Агар 2016 йилда республика олий таълим муассасаларида 270 мингга яқин талаба таҳсил олган бўлса, 2025/2026 ўқув йилига келиб уларнинг сони 1 миллион 535 минг нафарга етди. Демак, атиги ўн йил ичида талабаларнинг умумий сони қарийб олти баробарга ошди. Айниқса, сўнгги 4-5 йилда кузатилган ўсиш суръати кишини ҳайратлантиради. Бу даврда талабаларнинг сони 808,4 минг нафардан 1 миллион 535 минг нафаргача кўпайди. Ушбу кўрсаткич нафақат Марказий Осиё, балки кўплаб ривожланаётган давлатлар орасида ҳам энг юқори натижалардан бири ҳисобланади.
Табиийки, бундай ўсиш олий таълим билан қамров даражасининг сезиларли ошишига ҳам олиб келди. 2015 йилларда ёшларнинг олий таълим билан қамраб олиниш даражаси бор йўғи 7 фоиз атрофида бўлган. Бугунги кунга келиб эса ушбу кўрсаткич қарийб 50 фоизга етди. Эътиборлиси, олий таълимда хотин-қизларнинг улуши сезиларли даражада ошди. Жумладан, 2025/2026 ўқув йили якунларига кўра, олий таълим муассасалари талабалари орасида қизларнинг сони 782,9 минг нафарга етиб, мамлакат тарихида илк бор ўғил бола талабаларнинг сонидан ортди. Худди шу тенденция қабул жараёнларида ҳам кузатиляпти. Хусусан, 2024/2025 ўқув йилида ўқишга қабул қилинган 381,7 минг нафар талабанинг 196,7 минг нафарини қизлар ташкил этди. Бу, бир томондан, олий таълим қамровининг ортиб бораётганини кўрсатса, иккинчи томондан, мамлакатимизда хотин-қизларнинг билим олиши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун яратилаётган кенг имкониятларнинг яна бир ёрқин ифодасидир.
Ўтган йилларда юртимизда университетлар сони ҳам кескин кўпайди. 2010 йилларнинг ўрталарида мамлакатда 77 га яқин олий таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг сони 200 тадан ошди. Давлат университетлари қаторида нодавлат олий таълим муассасалари пайдо бўла бошлади, етакчи хорижий университетларнинг филиаллари очилди, қўшма таълим дастурлари кенгайди. Бугун ёшлар давлат ва нодавлат университетлари, миллий ҳамда халқаро таълим дастурлари ўртасида эркин танлов қила олади. Керак бўлса, мамлакатдан чиқмаган ҳолда нуфузли хорижий университет дипломини қўлга киритиш имконияти ҳам бор.
Олий таълим тизимида хусусий сектор ўрнига алоҳида тўхталадиган бўлсак, ўн йил аввал мамлакатда нодавлат университетлар деярли бўлмаган, бугун эса республикада ўнлаб хусусий олий таълим муассасалари ёшларга сифатли таълим бермоқда. Шу билан бирга, мамлакатимизда Буюк Британия, Россия, Жанубий Корея, Италия, Туркия, Сингапур, Беларусь ва бошқа қатор давлатларнинг нуфузли университетларининг филиаллари очилди.
Натижада, университетлар ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланди, соҳага замонавий таълим технологиялари кенг жорий этилди, мутахассисларни тайёрлаш механизмлари тубдан такомиллашди. Қисқа қилиб айтганда, ислоҳотларнинг дастлабки йилларида асосий эътибор миллий олий таълим тизимини шакллантиришга қаратилган бўлса, бугунги кунда унинг сифати, замонавий меҳнат бозорига талабларига жавоб бериши ва халқаро рақобатбардошлигини таъминлаш устувор вазифага айланди.
Халқаро майдондаги эътироф
Ҳозирги замонда таълим сифати фақат миллий стандартлар билан эмас, балки университетларнинг халқаро илмий-таълим жараёнларига қай даражада интеграциялашгани, глобал ҳамкорликда қанчалик фаол иштирок этаётгани билан ҳам баҳоланади.
Шу нуқтаи назардан, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш юртимиз олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Сўнгги йилларда мамлакат университетларининг хорижий институтлар ва илмий-тадқиқот институтлари билан алоқалари анча фаоллашди. Қўшма диплом дастурлари йўлга қўйиляпти, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг академик мобиллиги, қўшма илмий тадқиқотлар кўлами кенгаймоқда.

Бу ўзгаришлар халқаро рейтингларда ҳам ўз аксини топмоқда. Илгари Ўзбекистон университетларини жаҳон рейтингларида кўриш орзу бўлган бўлса, бугун ана шу орзу реал воқеликка айланди. Хусусан, олий таълим муассасаларимиз мунтазам равишда QS World University Rankings, Times Higher Education (THE), THE Impact Rankings, UI GreenMetric ва бошқа нуфузли халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгалламоқда. Албатта, ислоҳотларнинг пировард мақсади рейтингларга кириш билан чекланиб қолмайди. Бироқ айнан шу кўрсаткич университет фаолиятини халқаро мезонлар асосида холис баҳолаш, таълим сифатини ошириш, илмий тадқиқотларни кучайтириш ҳамда бошқарувнинг энг илғор тажрибаларини жорий этиш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ислоҳотлар марказида – ўқитувчи
Ҳар қандай соҳадаги ислоҳот натижадорлиги, аввало, ўша жабҳада меҳнат қилаётган фидойи инсонларга боғлиқ. Тиббиётда бу – шифокор, тадбиркорликда – ишбилармонлар, ахборот технологияларида – дастурчилар, таълимда эса – ўқитувчи. Зеро, таълим соҳасига қанча маблағ ажратилмасин, жаҳон андозаларига жавоб берадиган инфратузилма яратилмасин, хорижий тажриба олиб кирилмасин, ўқитувчи ўз дунёқараши, ишига бўлган муносабатини ўзгартирмас экан, ҳатто пухта ўйланган ислоҳот ҳам самара бермайди. Айнан шунинг учун ҳам кейинги йилларда педагогларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш ва меҳнатини муносиб рағбатлантириш масалалари давлат сиёсатида устувор ўрин эгаллади.
Бу борадаги муҳим қадамлардан бири 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қарорининг қабул қилиниши бўлди. Унга мувофиқ, 2018 йил 1 сентябрдан профессор-ўқитувчиларнинг базавий лавозим маошлари ўртача 25 фоизга оширилди.
Илк бор илмий даража, унвон ва малакага қараб меҳнатга ҳақ тўлаш тизими янада такомиллаштирилди. Бу эса илмий тадқиқотлар олиб бориш, диссертация ҳимоя қилиш, касбий маҳоратни ошириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш учун кучли туртки бўлди.
Шу билан бирга, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жанубий Корея, Япония, Германия ва бошқа мамлакатларнинг етакчи университетларида стажировка ўташ имкониятлари кенгайди. Малака ошириш дастурлари замонавий талаблар асосида қайта кўриб чиқилди, таълим жараёнига рақамли технологиялар, инновацион педагогик ёндашувлар ва халқаро тажриба кенг жорий этила бошлади.
Қолаверса, ёш тадқиқотчилар ва докторантларнинг илмий ишланмаларини амалиётга жорий этиши, патентлар олиши ҳамда инновацион ғояларни тижоратлаштириши учун моддий рағбатлантириш механизмлари яратилди.
Университетларнинг академик мустақиллигини ошириш ҳам ислоҳотларнинг муҳим қисмига айланди. Бугун олий таълим муассасалари таълим дастурларини шакллантириш, молиявий ресурсларни бошқариш, илмий фаолиятни ташкил этиш, кадрлар сиёсати ва халқаро ҳамкорлик масалаларида кўпроқ ваколатларга эга бўлмоқда.
Таълим жараёнларини рақамлаштириш ҳам профессор-ўқитувчиларнинг учун кенг қулайликлар яратди. Ҳужжатларнинг электрон шаклда юритилиши ва янги ахборот тизимлари жорий этилиши натижасида педагоглар асосий вақтини энг муҳим вазифаси – талабаларга сифатли таълим бериш ва илмий тадқиқотлар билан шуғулланишга ажратмоқда.
Хотима
Мустақил Ўзбекистонда таълим давлат сиёсатининг стратегик устунларидан бирига айланди. Ўттиз беш йил ичида мамлакатимиз миллий олий таълим тизимини шакллантиришдан халқаро стандартларга мос, инновацияларга таянувчи ва рақобатбардош кадрлар тайёрлайдиган замонавий тизимни яратишгача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтди.
Айниқса, сўнгги ўн йил ичидаги ўзгаришлар ўз кўлами ва натижадорлиги билан олий таълим соҳасида бутунлай янги саҳифа очди. Буни рақамларда ҳам кўришимиз мумкин. Аммо рақамлар ортида кўзга ташланмайдиган жиҳатлар ҳам борки, булар минглаб ёшлар тақдирининг ўзгариши, педагогларнинг мақоми юксалиши, одамларнинг розилиги, инсон қадрининг улуғланиши, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни мустаҳкамланишидир.
Агар мустақилликнинг дастлабки йиллари миллий таълим тизимига пойдевор қўйиш даври бўлган бўлса, бугун уни янги поғонага кўтариш, жаҳон таълим андозалари билан уйғун ҳолда ривожлантириш ва келажакка ишонч билан қадам ташлаш даври сифатида тарихга кирмоқда.
Албатта, эришилган ютуқлар билан чекланиб бўлмайди. Олдинда ҳали қилинадиган ишлар кўп. Бугун биз порлоқ келажак сари етакловчи йўлнинг ҳал қилувчи нуқтасида турибмиз. Ана шу йўлдан оғмай, барча эзгу ишларимизни рўёбга чиқаришда истиқлолимизнинг ҳаётбахш руҳи бизга мададкор бўлсин.
Сайёра Холмирзаева,
Тошкент давлат аграр университети
“Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси мудири, профессор.
ЎзА