“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” бош ғоясини мужассам этган бу йилги тантаналар вилоят маркази Қарши шаҳридаги амфитеатрда нишонланди.
Мустақиллик – ҳар куни асраб-авайлашни талаб қиладиган, халқимизни йилдан-йилга тоблаб, янги марраларга етаклашга сафарбар этадиган муқаддас қадрият. Мустақиллик – бу шунчаки расмий мақом эмас, балки ҳар бир фуқарога тақдирини ўзи белгилаш имконини берадиган буюк неъмат.
Бугун мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида инсон қадрини юксакка кўтарадиган улуғвор ўзгаришлар рўй бермоқда. Юртдошларимизнинг эртанги кунга ишончи кун сайин мустаҳкамланмоқда. Бу ишонч қашқадарёликларнинг ҳам юз-кўзларида порлаб турибди.
[gallery-25060]
Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов байрам билан барчани самимий табриклар экан, сўнгги йилларда вилоят ҳаётида юз берган ўзгаришларга ҳам тўхталди.
– Сўнгги 8 йилда вилоятимиз иқтисодиёти қарийб 4 каррага, жон бошига тўғри келадиган ҳудудий маҳсулот 3 каррага ошди, – деди вилоят раҳбари. – Ишбилармонлик ва инвестиция муҳитининг яхшиланиши натижасида тадбиркорлик субъектлари ва саноат корхоналари 2 бараварга кўпайди. Тасаввур ҳам қилмаганмиз, Қашқадарёда электротехника, қурилиш материаллари, тўқимачилик, мебелчилик саноатнинг асосий драйверига айланди. Қашқадарё бренди асосида ишлаб чиқариш маҳсулотлар экспорт географияси 15 тадан 55 та давлатга кенгайди. Хорижий корхоналар сони 6 бараварга кўпайиб, 300 тадан ортди. Иқтисодиётимизга 15 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Фидойи тадбиркорларимиз кучи, салоҳияти билан ҳудудий саноат ҳажми 15 карра ўсди, ишсизлик ва камбағаллик камайди. Яратилаётган ҳар бир иш ўрни, қад кўтараётган ҳар бир корхона, ҳалқимиз оғирини енгил қилаётган ҳар бир хизмат, экспорт бўлаётган ҳар бир маҳсулот тадбиркорларимизнинг жасорат билан қилаётган меҳнати, ташаббуси ва изланишлари маҳсулидир.
Таъкидлаш лозимки, вилоятда охирги йилларда 750 та кўп қаватли уй қурилиб, 27 мингта оила хонадонли бўлди. Пахта, ғалла ва мева-сабзавот ҳосилдорлиги ошди. Биргина, Кўкдала тарвузи дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатига кириб борди.
Қарийб 10 минг километрлик йўл таъмирланди, 320 минг хонадоннинг электр таъминоти яхшиланди. Ичимлик суви таъминоти 37 фоиздан 62 фоизга етказилди. Илк бора 300 мингта оилага тоза сув кириб борди.
– Мустақиллик том маънода бугун халқимизнинг қадриятига айланди, – дейди фахрий журналист Бўри Норқобилов. – Бугун дунёда кечаётган зиддиятли вазиятда унинг қадри кун сайин ошаверади. Шукрки, юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Қаранг, барчанинг юзида табассум, ҳурсандчилик. Неча кундан буён мустақиллик арафасида фойдаланишга топширилаётган ижтимоий объектлар ҳақида эшитяпмиз, жойларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўляпмиз. Албатта, буларнинг барчаси мустақиллик берган неъматнинг самарасидир. Тинчлигимизга кўз тегмасин.
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан Мираки туризм зонасининг ташкил этилиши маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини, туризм экспортини 2 каррага оширди.
2017 йилда вилоятда 326 та боғча бўлиб, қамрови атиги 13 фоиз эди. Соҳага давлат аҳамияти даражасида эътибор қаратилиши сабаб боғчалар сони қарийб 4,5 мингтага, қамров 70 фоизга, боғча ўрни 6 каррага ошиб, 40 мингдан 240 мингга етди. Биргина, жорий йилнинг ўзида 22 минг ўринли 502 та боғча очилди.
Таълимга инвестиция киритаётган, айниқса, хусусий мактаб очиб, сифатли таълимни йўлга қўяётган тадбиркорлар сони кўпаймоқда. Мустақиллик байрами арафасида қиймати 150 миллиард сўмлик 21 та хусусий мактаб очилди. Натижада нодавлат мактаблар сони 53 тага етиб, 10 мингдан ортиқ ўқувчи қамраб олинди. Ҳудудларда 600 дан ортиқ янгидан мактаб қурилди, реконструкция қилинди. Уларда 150 мингга яқин ўқувчи ўрни яратилди.
Байрам шодиёналари эл суйган санъаткорларнинг чиқишлари билан ўзгача шукуҳ олди.
Кўкда порлаган мушакбозлик барчага байрамона кайфият улашди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари