Мустақиллик: ислоҳотлар, самара ва натижалар
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан
Яқин кунларда мамлакатимиз ўз мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамини нишонлайди. Тарих учун бу қисқа давр, лекин ана шу йиллар давомида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида ижобий ишлар амалга оширилди. Юртимиз иқтисодиёти юксалди, маънавий, миллий, диний қадриятларимиз тикланди, нафақат халқимиз, балки шу юртда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари эмин-эркин яшаш, меҳнат қилиш имконига эга бўлди.
Истиқлол яратиб берган имкониятлар боис, барча жабҳаларда бўлгани каби тиббиёт соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилди. Натижада бугунги кунга келиб мамлакатимиз тиббиёт тизими ҳар жиҳатдан ривожланди, юксак салоҳиятга эга бўлди.
Ислоҳотлар самарасини Андижон давлат тиббиёт институти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Институт жамоаси истиқлолнинг ўттиз йиллик байрамини барча йўналишлардаги ютуқлари билан муносиб кутиб олмоқда. Фаолиятимизни сарҳисоб қиладиган бўлсак, жорий йилда маънавий-маърифий, ўқув, илмий ишлар йўналишларида эришган ютуқларимиз кўлами янада кенгайди.
2020-2021 ўқув йилида институтда маънавий-маърифий, ўқув ва илмий йўналишда эришилган ютуқларда жамоамиз ҳар бир ходимининг муносиб ҳиссаси бор.
Ўқув, илмий ишлар, иқтидорли талабалар билан ишлаш, халқаро алоқаларни кенгайтириш борасида амалга оширилган тизимли ишлар натижасида Акушерлик ва гинекология йўналиши магистранти Меҳриноз Комилова Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Бундан ташқари, Педиатрия факультети талабаси Дилмурод Назиров, Анестезиология-реаниматология, болалар анестезиологияси ва реаниматологияси кафедраси ассистенти Диана Абдураҳмонова “Меҳр ва саховат” кўкрак нишони билан тақдирланди, Даволаш факультети талабаси Исломбек Бекташев “Мард ўғлон” давлат мукофотига муносиб кўрилди. Республика олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган "Йил талабаси" кўрик-танловида институтнинг Даволаш факультети талабаси Маъруфжон Пўлатов “Йилнинг ўз мутахассислиги бўйича энг билимдон талабаси”, Педиатрия факультети талабаси Абдурауф Абдурашидов “Йилнинг энг фаол ихтирочи-инноватор талабаси” номинациялари бўйича 1-ўринни қўлга киритди. 8 нафар иқтидорли талаба Андижон вилояти ҳокимининг стипендиясига муносиб, деб топилди.
Илғор хорижий тажрибалар асосида ўқув ишлари самарадорлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар қилинди. Жумладан, РОСОМЕД ва ВИРТУМЕД компаниялари билан ҳамкорликда симуляцион ҳамда “Инновация ва инкубация” марказлари ташкил этилди. Германиянинг Росток университети билан ҳамкорликда “Тиббий биотехнология”, Жанубий Кореянинг Тэгу университети, Андижон машинасозлик институти билан ҳамкорликда “Тиббиёт инженеринги” йўналиши бўйича магистратура, Россия Федерацияси Доғистон давлат медицина университети билан ҳамкорликда стоматология, Санкт-Петербург тиббиёт универститети билан ҳамкорликда “Тиббий психология”, Екатеренбург тиббиёт университети билан Педиатрия таълим йўналиши талабалари учун қўшма дастурлар, шунингдек, Германиянинг GIZ халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда Эндохирургия ҳамда Эндоурология врачлари малакасини ошириш марказлари ташкил этилиб, самарали фаолият юритмоқда.
Институтда 2020-2021 ўқув йилида 2 та докторлик (DSc), 10 та фалсафа докторлик (PhD) диссертациялари ҳимоя қилинди, шу билан бирга, Андижон давлат тиббиёт институти ҳузурида тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий кенгашда Профилактик тиббиёт ихтисослиги бўйича 2 нафар мустақил изланувчи фалсафа докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Шунингдек, институтда Scopus, Science Direct базасидан фойдаланиш имкониятлари яратиб берилди. АРМ қошида “Маслаҳат маркази” фаолият кўрсатмоқда.
Илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, таълим, фан ва даволаш муассасалари билан инновацион ҳамкорликни самарали ташкил этиш бўйича 495 та ишланма амалиётга татбиқ этилди. Давлат илмий-техник дастурлари доирасида 1 та фундаментал, 1 та амалий лойиҳа доирасида илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилди.
Бугунги кунда институтда таҳсил олаётган талабаларнинг аксарияти юртимизнинг энг фаол ва илғор ёшларидан, десак муболаға бўлмайди. Жорий ўқув йилида иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини руёбга чиқариш борасида олиб борилган ишлар натижасида институтда 40 дан ортиқ фан, 14 та спорт, 2 та тикувчилик тўгараклари фаолият юритмоқда. Унда 2 минг нафардан ортиқ талаба қамраб олинган. Институтимиз талаба ва ёш олимлари республика, халқаро миқёсдаги анжуманлар, фан олимпиадаларида иштирок этиб, юқори натижаларга эришмоқда.
Жорий йил институтимизнинг 18 нафар талабаси республика ва халқаро танлов, анжуманларда I, II ва III ўринларни эгаллаганини эътироф этиш жоиз. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси томонидан 3 нафар талабамиз Ёш академик унвонига сазовор бўлди.
Айни кунда Андижон давлат тиббиёт институти дунёнинг қатор ривожланган давлатлари, хусусан, Италия, Ҳиндистон, Португалия, Россия, Словакия, Украина, Жанубий Корея, Германия, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Беларусь, Польша, Туркия, Покистондаги нуфузли 54 та тиббиёт олий ўқув юрти ва тиббиёт марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Биргина 2020-2021 йилларда Россия Федерацияси И.Н.Улянов номидаги Чуваш давлат университети, Тула тиббиёт институти, Биринчи Шандон тиббиёт университети, Санк-Петербург давлат Кимё ва фармация университети, Санк-Петербург давлат Педиатрия тиббиёт университети, Корея Миллий транспорт университети ва Қирғизистон Республикаси Халқаро тиббиёт университети, Харьков миллий тиббиёт университети билан ҳамкорлик шартномалари тузилди.
Жорий ўқув йилидан бошлаб Урал давлат тиббиёт университети, Санкт-Петербург Педиатрия тиббиёт университети билан амалга оширилаётган қўшма дастурлар доирасида педиатрия, даволаш иши йўналишларида 45 нафар талаба ўқишга қабул қилиниши кўзда тутилган.
Германиянинг Росток университети билан “Тиббиёт биотехнологияси” магистратура мутахассислиги бўйича ҳамкорлик доирасида 4 нафар талаба магистратурага ўқишга қабул қилинади.
Мухтасар айтганда, институтимиз жамоаси кўп ютуқларга эришмоқда. Ана шу ютуқлар замирида шу юрт, шу Ватан равнақи, унинг янада гуллаб-яшнанини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам.
Бугун “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган шиор бутун ҳалқимиз қатори институтимиз жамоасини ҳам янги марралар сари ундамоқда. Бош мақсадимиз, юксалиб бораётган юртимиз тараққиётини янада юқори босқичга кўтаришга ҳисса қўшиш, мамлакатимиз мустақилигининг ўттиз йилик тўйини муносиб кутиб олишдир.
Мадаминжон Мадазимов,
Андижон давлат тиббиёт институти ректори, профессор.
ЎзА