Мустақиллик эркин ижод учун чексиз имкониятлар яратди
Мустақиллик миллий маданиятимиз ва санъатимиз ривожига қандай таъсир кўрсатди? Бу бебаҳо неъмат ижодкор зиёлилар ва умуман соҳа вакилларининг фаолиятида қандай ижобий ўзгаришлар ясади?Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, атоқли композитор, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, “Дўстлик” ордени соҳибаси Ойдин Абдуллаева билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
– Маълумки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда маданият ходимларига бўлган эътибор ва ижодий эркинлик бутунлай янги босқичга чиқди. Ижодкор ва депутат сифатида бу ўзгаришларни ўз ҳаётингиз, фаолиятингизда қандай ҳис этаяпсиз?
–Мустақиллик йилларида мамлакатимизда маданият ва санъатга, ижод аҳлига бўлган эътибор мутлақо янги босқичга кўтарилди. Буни нафақат ижодкор, балки халқ вакили сифатида ҳам ўз фаолиятимда яққол ҳис этаяпман. Энг муҳими, ижодий эркинлик учун кенг имкониятлар яратилди. Санъаткорларимиз миллий мусиқа меросимизни чуқур ўрганиш, унинг замонавий талқинларини яратиш, концерт-ижрочилик фаолиятини кенгайтириш ҳамда ўзбек санъатини халқаро майдонда муносиб намоён этиш имконига эга бўлди.
Шу билан бирга, санъат таълими тизими ҳам сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди. Ихтисослашган таълим муассасалари сони кўпайди, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, кадрлар тайёрлаш тизими замонавий талаблар асосида такомиллаштирилди. Жумладан, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузурида Ботир Зокиров номидаги Ўзбек миллий эстрада санъати институти ташкил этилди. Бу эстрада санъатини ривожлантириш, миллий ижрочилик мактабини янада бойитиш учун мустаҳкам замин яратди.
Шунингдек, Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиали очилди. Бу қорақалпоғистонлик иқтидорли ёшларнинг пойтахтга келмасдан туриб ҳам юқори сифатли мусиқий таълим олиш имкониятини кенгайтирди. Нукус шаҳрида опера санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг ташкил этилиши эса узлуксиз кадрлар тайёрлаш тизимини янада мукаммаллаштирди.

Ўзбекистон давлат хореография академияси ва унинг Урганч филиали, шунингдек Бухоро, Қарши, Нукус ва Урганч шаҳарларида ихтисослаштирилган рақс санъати мактаб-интернатлари ташкил этилди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Нукус ва Қўқон филиаллари фаолияти йўлга қўйилди.
Яна бир муҳим қадам сифатида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилди. Бу даргоҳ мақом, бахшичилик ва миллий мусиқа анъаналарини асраб-авайлаш, уларни илмий ўрганиш ва янги авлод ижодкорларини тарбиялашда муҳим ўрин тутмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда халқаро мақом санъати фестивали ҳамда Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг мунтазам ўтказилиши миллий мусиқа меросимизнинг нуфузини янада оширди. Бу анжуманлар нафақат ўзбек миллий санъатини дунёга танитди, балки юртимизнинг бой маънавий мероси халқаро маданий мулоқотнинг ажралмас қисмига айланганини намоён этди.

Айниқса, мустақилликка қадар етарлича эътибор берилмаган мақом ва бахшичилик каби ноёб санъат йўналишларининг қайта тикланиши, давлат даражасида қўллаб-қувватланиши ва халқаро эътирофга эришиши миллий ўзлигимизни англаш ва маънавий тараққиётимизда беқиёс аҳамият касб этмоқда.
Ўзимга келадиган бўлсак, сўнгги йилларда миллатимизнинг маънавий юксалиши, бой маданий меросимизни қайта англаш жараёни менинг ижодимда ҳам янги босқични бошлаб берди. Миллий қадриятларимиз, тарихий илдизларимиз ва туркий халқларнинг муштарак маънавий меросига янада кенгроқ нигоҳ билан қарай бошладим. Бу ижодий изланишларим натижасида асарларимда туркий цивилизациянинг юксак ғоялари, умумий тарихимиз ва маънавий қадриятларини акс эттирувчи янги образлар пайдо бўлди. Туркия, Озарбайжон, Қорақалпоғистон ва бошқа қардош халқлар ижодкорлари билан бўлган самарали ижодий мулоқотлар натижасида озарбайжон, турк ва қорақалпоқ мавзуларига бағишланган қатор йирик симфоник ҳамда вокал-чолғу асарларини яратдим. Бу асарлар нафақат халқларимиз ўртасидаги маданий яқинликни мусиқа тили орқали ифода этади, балки туркий дунёнинг муштарак тарихи, маънавий бирлиги ва умуминсоний қадриятларини тараннум этади. Айниқса, бугунги кунда юртимиз ташаббуси билан туркий давлатлар ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорлик тобора мустаҳкамланаётгани ижодкорлар учун янги илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу маънода, мустақиллик мен учун фақат эркин ижод қилиш имконияти эмас, балки миллий ўзлигимизни чуқур англаш, уни замонавий мусиқа тилида ифода этиш ва ўзбек маданиятини жаҳон маданий маконида муносиб тарғиб этишдек юксак масъулиятни ҳам англатади.
– Мусиқа чегара билмас халқаро тил ҳисобланади. Сизнингча, Ўзбекистоннинг бугунги академик мусиқаси (симфоник ва камер асарлар) дунё саҳналарида ўзининг миллий қиёфасини қандай намойиш этмоқда?
– Биласизми, сўнгги йилларда мамлакатимизда академик мусиқа, хусусан, симфоник санъат ривожида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Аввало, симфоник оркестрлар сони кўпайди, уларнинг ижро маҳорати, репертуари ва бадиий савияси янги босқичга кўтарилди. Энг муҳими, симфоник мусиқа фақат пойтахт доирасида қолиб кетмай, республика ҳудудларида ҳам мунтазам намойиш этилмоқда. Бу эса кенг жамоатчилик, айниқса, ёшларда академик мусиқага қизиқишни кучайтирмоқда.

Бу жараённинг яна бир муҳим натижаси шундаки, ота-оналар фарзандларини болалар мусиқа ва санъат мактабларига кўпроқ жалб эта бошлади. Демак, академик мусиқага бўлган эҳтиёж ва қизиқиш жамиятимизда тобора ортиб бормоқда. Яна бир муҳим ютуқни алоҳида таъкидлашни истардим. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан кейинги йилларда мамлакатимиз симфоник оркестрлари режали асосда хорижий гастроль сафарларини амалга ошириб, дунёнинг нуфузли концерт залларида муваффақиятли чиқиш қилмоқдалар. Бу наинки ижрочилик маҳоратининг юксак даражасини, балки Ўзбекистон академик мусиқа мактабининг халқаро стандартлар даражасига етганини ҳам яққол намоён этмоқда.
Албатта, бу жуда катта ютуқ. Бироқ, олдимизда яна бир муҳим вазифа турибди. Хориждаги концерт дастурларида жаҳон классиклари билан бир қаторда Ўзбекистон композиторларининг симфоник ва камера асарлари ҳам кенгроқ ўрин олиши лозим. Чунки ҳар қандай мамлакатнинг маданий нуфузи нафақат ижрочилари, балки ўз миллий композиторлик мактаби билан ҳам белгиланади.

Ўзбекистон композиторлари миллий мусиқа анъаналарини замонавий академик услуб билан уйғунлаштирган, дунё саҳналарида муносиб янграй оладиган юксак бадиий савиядаги асарларни яратиб келмоқда. Мен ишонаманки, яқин йилларда айнан шу асарлар халқаро концерт дастурларидан мустаҳкам ўрин эгаллайди ва ўзбек академик мусиқаси ўзининг бетакрор миллий қиёфаси билан жаҳон мусиқа маданиятида янада муносиб ўрин эгаллайди.
–Сизнингча, юртимизда ижодкорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва маданият соҳасини қўллаб-қувватлашда қайси масалалар долзарб бўлиб турибди?
–Назаримда, бугунги кунда маданият соҳасидаги энг долзарб масалалардан бири — ижодкорларнинг муаллифлик ва турдош ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш. Сўнгги йилларда бу йўналишда муҳим ҳуқуқий асослар яратилди, қонунчилик такомиллаштирилди, соҳани замонавий талаблар асосида ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, бугунги рақамли даврда муаллифлик ҳуқуқини амалда таъминлаш, интеллектуал мулкдан қонуний фойдаланиш маданиятини юксалтириш ва ижодкорнинг меҳнати муносиб баҳоланишини таъминлаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Айни пайтда мамлакатимизда муаллифлик ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарувчи бир нечта нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритмоқда. Уларнинг салоҳиятини янада ошириш, моддий ва ташкилий имкониятларини мустаҳкамлаш, давлат органлари, маданият муассасалари, телерадиокомпаниялар, рақамли платформалар ҳамда фойдаланувчилар билан ҳамкорлигини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Бу жараёнда, албатта, соҳага масъул вазирлик ва идораларнинг мувофиқлаштирувчи ўрни беқиёс. Муаллифлик ҳуқуқларига риоя этилиши устидан самарали назоратни таъминлаш, қонун талабларини изчил татбиқ этиш ва соҳада шаффоф механизмларни йўлга қўйиш ижодкорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил ҳисобланади.

Чунки ҳар бир яратилган мусиқий, адабий ёки бадиий асар ортида катта меҳнат, билим ва ижодий изланиш мужассам. Агар муаллиф ўз меҳнатининг самарасини ҳис қилса, унинг янги асарлар яратишга бўлган иштиёқи янада ортади. Бу эса нафақат алоҳида ижодкор, балки бутун мамлакатимиз маданияти ва санъати ривожига хизмат қилади.
Шунинг учун ҳам муаллифлик ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, ижодкорнинг интеллектуал мулкини қадрлаш ва унинг иқтисодий манфаатларини таъминлаш келгуси йилларда ҳам маданият соҳасидаги устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.
– Ҳозирги глобаллашув ва рақамли технологиялар даврида миллий маданиятимиз ва мусиқа санъатимизнинг илдизларини сақлаб қолиш ғоят муҳим. Янги авлол вакиллари, ёш мусиқачиларда миллийликка бўлган қизиқишни шакллантириш масъулияти ҳақида нималар дея оласиз?
–Бугунги глобаллашув ва рақамли технологиялар даврида ёш авлодда миллий маданиятимиз ва мусиқа меросимизга ҳурмат ва қизиқишни шакллантириш энг муҳим вазифалардан бири, деб ҳисоблайман. Чунки миллатнинг келажаги, аввало, ўз тарихи, тили, маданияти ва санъатини англаган ёшлар қўлида бўлади. Шунинг учун ҳам ёшларда миллий ўзликни англаш туйғусини мустаҳкамлаш, тарихимизни чуқур ўргатиш, таълим муассасаларида миллий маданият ва санъатга оид билимларни замонавий ёндашувлар асосида ўқитиш, энг муҳими, оилада миллий қадриятларга ҳурмат руҳини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Миллий тафаккур энг аввало оилада шаклланади, кейин эса таълим ва маданий муҳит орқали бойиб боради.

Қувонарлиси, кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан миллий маданий меросимизни асраб-авайлаш ва тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбек ҳунармандчилиги, бахшичилик, мақом санъати, жадидлар маърифий мероси каби бебаҳо бойликларимизни ўрганиш ва дунёга танитиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мамлакатимизда халқаро маданий фестиваллар ташкил этилаётгани, музейлар, театрлар ва концерт муассасаларининг фаолиятини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётгани ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, миллий кино санъати, театр ва мусиқа соҳасини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ҳам ёшларнинг маънавий тарбиясида муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки санъат инсон қалбига энг тез йўл топадиган, унинг дунёқараши ва эстетик дидини шакллантирадиган кучли тарбия воситасидир.
Менимча, бугун ёш мусиқачилар олдидаги асосий вазифа миллий мусиқамизни шунчаки такрорлаш эмас, балки унинг руҳи ва анъаналарини чуқур англаган ҳолда замонавий ижод билан уйғунлаштиришдир. Ана шунда миллийлик ва замонавийлик бир-бирини бойитади, ўзбек мусиқа санъати эса дунё маданий маконида ўзининг бетакрор қиёфаси билан янада кенг тан олинади. Зеро, миллий илдизларга таянган санъатгина умрбоқий бўлади. Ўз тарихини, маданиятини ва мусиқий меросини чуқур англаган ёш авлод эса келажакда нафақат миллий қадриятларимизнинг муносиб давомчиси, балки уларни жаҳонга муносиб тарғиб қилувчи элчиларга айланади.
–Мазмунли суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова суҳбатлашди.