Мусобақа ғолиб ва совриндорлари тақдирланди
Фавқулодда вазиятлар вазири кубоги учун ўтказилган мини футбол ва волейбол бўйича мусобақаларнинг финал босқичи якунланди. ФВВ Академиясида тантанали тақдирлаш маросими ташкил этилди.
Спорт орқали ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, жисмоний тайёргарликни мустаҳкамлаш ва жамоавий руҳни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси терма жамоаси муносиб иштирок этиб, юқори натижаларга эришди.

Мусобақа якунларига кўра, академия жамоаси мини футбол тури бўйича 2-ўринни, волейбол йўналишида эса 3-ўринни эгаллади. Ушбу натижалар жамоанинг пухта тайёргарлиги, интизоми ҳамда жамоавий ҳамкорлигининг ёрқин ифодаси бўлди.

Тадбирда мусобақаларда фаол қатнашиб, юқори натижаларни қўлга киритган спортчилар ҳамда уларнинг мураббийлари Академия раҳбарияти томонидан муносиб рағбатлантирилди. Уларга медаль, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.


Тадбирда қайд этилганидек, мазкур натижалар академияда спортни ривожлантириш, тингловчиларнинг жисмоний ва маънавий салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар самарасидир.
Гулноза Бобоева,
ЎзА