Мусиқа педагоглари билан жонли мулоқот
Пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ва маданият вазири Озодбек Назарбековнинг умумтаълим, мусиқа ва санъат мактабларидаги педагоглар билан жонли мулоқоти ташкил этилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова мамлакатимизда ёш авлоднинг бадиий, мусиқий тафаккурини юксалтириш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.
–Мусиқа маданияти фанини ривожлантириш йўлида эришилган ютуқлар билан бирга, камчиликлар ҳам йўқ эмас, – деди мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова. – Мусиқа маданияти фани ўқитувчиларининг 35 фоизида чолғулардан фойдаланиш кўникмаси талаб даражасида эмас. Мактабларда мусиқа бўйича амалий машғулотлар йўлга қўйилмаган. Мусиқа ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича амалий тизим мавжуд эмас. Ушбу мулоқот давомида ҳам мусиқа маданияти фанининг сифатини ошириш бўйича режа ва йўл-йўриқлар, амалий чора-тадбирлар белгилаб олиш кўзда тутилган.
Йиғилишда болалар мусиқа ва санъат мактаблари, умумтаълим мактаблари, “Баракамол авлод” мактаблари фаолиятини ўзаро интеграциялаштириш, мусиқа фани ўқитувчилари учун касбий ривожлантириш кунларини таъсис этиш ва бошқа масалалар хусусида батафсил фикр юритилди.
–Янги Ўзбекистон, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни муаллимларсиз тасаввур этиб бўлмайди, – деди маданият вазири Озодбек Назарбеков. – Президентимиз ўз сўзларида маънавиятнинг икки қаноти бор, бири – иқтисод, иккинчиси – маънавият, деб жон куйдириб таъкидлаган эдилар. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, умумтаълим мактабларида мусиқа маданияти фанини сифат жиҳатдан такомиллаштириш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Албатта, биз ўн мингдан ортиқ мактабда ўн миллион нафар хонанда ва созанда тайёрлаш ниятимиз йўқ. Лекин айнан мусиқа маданияти фани орқали боланинг бошқа фанларни ўзлаштириши яхшиланади, бадиий-мусиқий тафаккури янада юксалади. Ушбу мулоқот давомида педагогларнинг ўзидан ҳам фикрлар, таклиф ва ташаббуслар тинглаш биз учун, умуман, соҳа ривожи учун жуда муҳимдир.
[gallery-20547]
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, хусусан, театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Маданият ва санъатни ривожлантириш, айниқса мусиқа таълимини давр руҳига ҳамоҳанг йўлга қўйиш масаласига 2023 йил 22 декабрда бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида ҳам тегишли фикрлар айтилган эди.
Айтиш керакки, соҳа мутасаддилари томонидан 2025-2030 йилларда театрларда “Миллий қаҳрамон” ва “Инсон қадри учун” мавзуларида 32 та туркум спектакллар яратиш, драматургия ва режиссёрликни янада ривожлантириш ва соҳага доир бошқа йўналишлар бўйича кўплаб таклифлар билдирилди.
Маданият ва санъатнинг таълим билан узвий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, талабаларнинг театрларда амалий машғулотларини кегайтириш, театр соҳасига оид илмий-тадқиқот ишига буюртмалар бериш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Умумий ва олий таълим муассасаларида ҳаваскор театр жамоалари тузилиб, улар ўртасида танловлар ўтказилади. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари томонидан маданият ва санъат таълимини янги босқичга кўтариш масалалари бўйича ҳам алоҳида топшириқлар берилди. Хусусан, иқтидорли ёшларни барвақт аниқлаш, саралаш ва ўқитиш бўйича яхлит тизим яратиш, шунингдек, умумий ўрта, мактабдан ташқари, касбий, олий таълим ташкилотлари ҳамда маданият ва санъат тизимидаги таълим муассасаларида ўқув режалари ва дастурларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Мулоқот давомида ану шу масалаларга атрофлича эътибор қаратилди. Айни пайтда мусиқа педагогларининг фикр ва мулоҳазалари, таклифлари тинглангди.
– Бугун таълим соҳасида кечаётган ислоҳотлар тараққиётга хизмат қилмоқда, – деди пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 61-мактабнинг мусиқа маданияти фани ўқитувчиси Равшан Қосимов. – Ўқитувчилар малакасини ошириш, уларга миллий сертификатлар топшириш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз. Айни пайтда мусиқа ўқитувчилари ансамблларини тузиш, улар иштирокида турли ижодий танловларни етказишни мақсадга мувофиқ, деб биламиз.
Мулоқот давомида онлайн тарзда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ўқитувчиларнинг фикри тингланиб, атрофлича таҳлил этилди. Келгусида соҳани ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА