Муштарийларнинг ишончини қозонаётган нашр
Қарши шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилояти кенгашида «Ishonch» ва «Ishonch-Doveriye» газеталари ижодий жамоаси иштирокида «Ishonch» кунлари» доирасида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда кейинги йилларда мазкур нашрларда халқни қийнаётган долзарб муаммолар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жамият ҳаётидаги ўзгаришлар ҳамда инсонлар тақдирини акс эттирувчи мақолалар кўлами кенгайиб бораётгани таъкидланди. Бу эса газеталарнинг ахборот майдонидаги ўрнини мустаҳкамлаш ва муштарийларнинг сафи кенгайишига хизмат қилаётгани қайд этилди.

Тадбирда «Ishonch» ва «Ishonch-Doveriye» газеталари бош муҳаррири ўринбосари Жаҳонгир Наҳанов ҳамда бўлим мудири Алижон Абдураҳмонов таҳририят олдида турган устувор вазифалар, мавзуларни янада бойитиш ва муштарийлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш хусусида сўз юритди.
- «Ishonch» газетаси тезкор ахборот етказиши, долзарб мавзуларни кўтариши ва муштарийларни фикрлашга ундаши билан ажралиб туради. Нашрда мавзуларнинг хилма-хиллиги, таҳлилий ёндашув ва муаллифларнинг ижодий салоҳияти алоҳида эътиборга лойиқ. Соҳамиздаги янгилик ва ўзгаришлар ҳам мунтазам ёритиб борилаётгани фаолиятимиз учун муҳим, - дейди Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз шаҳар бўлинмаси раиси Умид Ортиқов.

Учрашувда муштарийлар ҳам ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Хусусан, ишчи-ходимлар ҳаёти, оддий инсонларнинг тақдири, орзу-интилишлари, ютуқлари ва ҳаётий тажрибасини акс эттирувчи мақолалар, шунингдек, маънавий-маърифий йўналишдаги оммабоп материалларни кўпайтириш таклиф этилди.

Бундай ижодий мулоқотлар таҳририят ва муштарийлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўқувчилар талаб ва истакларини ўрганиш, нашрлар мазмунини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир якунида фаол иштирок этган газетхонларга таҳририят номидан эсдалик совғалари улашилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири