Муштарак қўшиқларнинг ўлмас садоси
Ана шу самимий муносабатларимиз тимсоли сифатида Қозоғистонда “Қозоғистон ўзбекларининг халқ оғзаки ижоди” номли тўплам нашр этилди.
2018 йили Қозоғистонда Ўзбекистон йили, 2019 йилда эса Ўзбекистонда Қозоғистон йили тадбирлари ўтказилгани мамлакатларимиз ўртасида нафақат стратегик шериклик муносабатлари, балки дўстона ишонч кайфияти яхшиланиб бораётгани кўзгуси бўлди.
Ана шу самимий муносабатларимиз тимсоли сифатида Қозоғистонда “Қозоғистон ўзбекларининг халқ оғзаки ижоди” номли тўплам нашр этилди.
Қозоғистон Республикаси ўзбекларининг “Дўстлик” ассоциацияси раиси Икром Ҳошимжонов ташаббуси билан тайёрланган мазкур тўплам муаллифи Абдираҳим Пратов.
Мазкур тўплам тарихи туташ ва тақдири бир халқларнинг бой ижодий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш борасидаги эзгу қадамдир. Халқларимизнинг ижодиёти қадим ва бой тарихга эга. Бугунги кунда бу меросни ўрганиш ва тадқиқ этиш учун ҳар иккала мамлакатда ҳам кенг имкониятлар яратилган.

Тарихан ҳар бир халқ ёки миллат ўзининг минг йиллик урф-одат, анъана, маросимлари билан бир-биридан фарқ қилиб туради. Дарҳақиқат, ўзини, ўзлигини англаган ҳар бир инсон аждодлари ким бўлгани билан қизиқади. Аждодларидан қолган моддий ва маънавий меросни асраб-авайлашга ҳаракат қилади, унинг ривожи учун ҳаракат бошлайди.
Юртимизда халқаро миқёсда ўтказилган халқ ижодиётининг ноёб дурдоналарини тараннум этган фестиваллар ва уларда ўз чиқишлари билан иштирок этган қардош халқларнинг фаол иштироки келажакда халқ ижоди намуналарини асраб-авайлаб келажак авлодга етказишда муҳим роль ўйнайди. Ўзбек ва қозоқ халқи неча минг йиллар уруғ-қабила сифатида ёнма-ён яшаб келган. Шунинг учун улар яшайдиган жойлардаги маросим фольклорида ғоят бир хилликни кўриш мумкин.
Бу китоб орқали ҳар бир тадқиқотчи икки халқ оғзаки ижодининг энг севимли бўлган халқ лирикаси ва маросим қўшиқлари намуналарини қиёсий таҳлил этиш, солиштириш, ўхшаш ва фарқли жиҳатларини аниқлаш каби тадқиқотларни амалга ошириши мумкин. Бундан ташқари, тўплам қардош халқлар фольклорини ёнма-ён ўрганиш каби бошқа кўплаб тадқиқотларга муқаддима бўлиб хизмат қилса ажаб эмас.
Қувонарли томони шундаки, мазкур китоб орқали нафақат қардош қозоқ халқининг ижод дурдоналаридан баҳраманд бўлиш, балки у ерда истиқомат қилиб ўзбек фольклори билан қозоқ халқи фольклорини уйғунлашиб “қариндош” бўлиб кетишига ва алоҳида жиҳатларини ҳам кўздан қочирмасдан асраб-авайлаб келаётган ўзбек ижодкорларининг бадиий маҳсули билан танишувимизга сабаб бўлади.
Жумладан, қозоғистонлик ўзбек ижодкорларининг шеърлари ва насрий асарларини Қозоғистон ва МДҲнинг адабий журналларида турли тилларда ўқиш мумкинлиги ҳамда халқ оғзаки ижодига бўлган қизиқишнинг қардош халқларда хам кучлилиги, ўрганилмаган кўплаб намуналар тадқиқот эгаларини кутаётгани ҳақида бизга хабар беради.
Қозоғистон ўзбекларининг бир неча авлоди халқ оғзаки ижоди намуналари, жумладан, лапарларни ҳам яратгани таҳсинга лойиқ. Китобни мутолаа қилар экансиз, Жанубий Қозоғистон ҳудудида истиқомат қилаётган лапарчиларнинг асарларини мужассамлаштирган қозоғистонлик ўзбекларни халқ оғзаки ижоди намуналари фидойиси дейиш мумкин.
Қозоғистон Республикаси ўзбекларининг “Дўстлик” ассоциацияси раиси Икром Ҳошимжонов бу тўпламни Ўзбекистонда Қозоғистон йилига Туркистон вилояти ўзбек ижодкорларининг туҳфаси сифатида баҳолаган.
Тўпламга Қарноқ, Манкент, Турбат, Сайрам, Қорамурт қишлоқларидаги лапар ижрочиларидан ёзиб олинган халқ оғзаки ижоди намуналари киритилган бўлиб, тузувчилар лапарлар матнини ва уларнинг поэтик жиҳатини атрофлича ва тўлиқ ифодалаб беришга ҳаракат қилган.
Тўплам ижодкорлари оммавий ўзбек китобхонига тушунарли бўлиши учун Жанубий Қозоғистон ўзбеклари шеваларида ижро этилган лапарларни адабий тил меъёрларига яқинлаштиришга ҳаракат қилган, шунингдек, уларга зарур изоҳлар берган.
Халқ оғзаки ижодини юксак даражада ўрганиш, тадқиқ этишни жадал бошлаб берган атоқли олим Ходи Зариф бошчилигида Қозоғистон ўзбекларининг халқ оғзаки ижодини ўрганиш ишлари ҳам ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида бошланган. Ходи Зариф, Музайяна Алавия, Мансур Афзалов, Зубайда Ҳусанова, Тўра Мирзаевлар ўзбек диалектологияси бўйича кенг қамровли ишларни олиб борган. Илмий гуруҳ аъзолари Туркистон шаҳри, Қарноқ, Иқон, Қорабулоқ, Манкент, Қорамурт қишлоқларида бўлиб, тадқиқот ишларини юритган. 2018 йилда фольклоршунос олимлар Ўразали Тошматов, Маматқул Жўраев, тарих фанлари доктори Адҳамжон Аширов, Иқболжон Мелиқўзиев Ўзбекистонда чоп этилажак жаҳон ўзбеклари халқ оғзаки ижоди намуналари кўп томлигига киритиш мақсадида Чимкент шаҳри, Сайрам даҳаси, Туркистон вилоятининг Қарноқ, Қорабулоқ қишлоқларида бўлиб, нуроний отахон, онахонлардан Қозоғистон ўзбекларининг халқ оғзаки ижоди намуналарини ёзиб олиб, видеотасвирга туширган.
Тўпламда аллалар, лапарлар, ўланлар, ёр-ёрлардан ташқари яна бошқа кўплаб лирик қўшиқлар ҳам келтирилгани диққатга сазовордир. Бу эса уларни тадқиқ қилиш доирасини янада кенг олиб бориш мумкинлигини кўрсатади. Айниқса, кўҳна маданият ўчоқларидан бири бўлган Сайрам қишлоғидан ёзиб олинган намуналар янги тадқиқотларни кашф этишга туртки бўлади. Бу заминда туркий халқларнинг ажойиб анъаналари, урф-одатлари мужассамлашган. Бу ҳудудда яшаган туркий миллатига мансуб ўтроқ халқлар қадим-қадимдан ўз анъана, маросим, қўшиқ ва лапарлари, мақол ҳамда чистонлари билан бутун дунёга машҳур бўлган.
Гарчи китобга баъзи ўлан, ёр-ёр, келин салом ва алла қўшиқлари намуналари олима Музайяна Алавия тўплаган намуналардан киритилган бўлса-да, унга қўшимча қилинган янги намуналар, қўшиқ вариантлари аҳамиятга моликдир. Албатта, географик жойлашиши, шевадаги ранг-баранглик, воқеийлик, жой, топоним номлар, маҳаллий аҳолига хос бўлган урф-одатлар сабаб қозоғистонлик ўзбекларнинг халқ оғзаки ижоди ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Қозоғистонлик ўзбеклар кўп асрлардан буён қардош қозоқ халқи билан аралашиб, қуда-анда бўлиб, тотувликда яшаб келмоқда ва бунинг натижасида у ердаги оғзаки ижоди янада бойиди. Қозоғистон ўзбекларининг халқ оғзаки адабиёти умумўзбек халқ оғзаки ижоди билан узвий, чамбарчас боғланган бўлиб, ҳамоҳанг ва ҳамнафасдир. Кўриниб турибдики, ушбу тўплам бир неча йиллик меҳнатнинг самарали натижасидир. Тўпламдан ўрин олган халқ оғзаки ижоди намуналари эса, ҳақиқий санъат намуналари бўлиб, уларнинг ҳар бири фольклоршунос олимларнинг тадқиқот майдонига айланишига умид қиламиз.
Феруза АБДУРАҲМОНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти докторанти