“Мушоира” ижодий танлови ўтказилди
Сирдарёда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Мушоира” ижодий танлови бўлиб ўтди. Мазкур танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 11 нафар ўғил-қиз танловнинг вилоят босқичида 3 та шарт бўйича ўзаро баҳслашиб, ўзларининг билим ва иқтидорларини намойиш этди.
–Бундан кўзланган мақсад бугунги кун ёшларининг шеърхонлик, ғазалхонлик ва китобхонлик маданиятини юксалтириш, улар ўртасида маънавий- маърифий ишларни жонлантириш, ёшларни “Оммавий маданият”нинг зарарли таъсирларидан муҳофаза қилиш каби миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини шакллантиришдир, – дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Норинисо Қосимова.– Ўйлайманки, ўтказилган танлов орқали бу мақсадга эришдик. Чунки иштирокчиларимиз ўта зийрак, ақлли, илмли, энг асосийси, янгиликларга, ўзгаришларга бефарқ эмас. Ана шу жиҳатлари, хислатлари билан улар нафақат менда, танлов ҳайъати аъзоларида катта таассурот қолдирди.

Танлов шартларига кўра, 3-ўринни Жавоҳир Келдиёров, 2-ўринни Занжилой Абдусаломова қўлга киритган бўлса, 1-ўринга Ховос туманининг Қайирма маҳалласидан Зулайҳо Мингбоева муносиб кўрилди.
Биринчи ўрин соҳиби 6 миллион сўм, иккинчи ўринни эгаллаган иштирокчи 4 миллион сўм, учинчи ўринни қўлга киритган қатнашчи 3 миллион сўм пул мукофотлари ва дипломлар билан тақдирланди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири