“Мурунтов” конини кашф этган олим
Яқинда XVI асрда яшаган немис олими Георгий Агриколанинг “О горном деле и металлургии в двенадцати книгах” номли китоби қўлимга тушиб қолди.
Академик Иброҳим Ҳамробоевнинг 100 йиллигига
Яқинда XVI асрда яшаган немис олими Георгий Агриколанинг “О горном деле и металлургии в двенадцати книгах” номли китоби қўлимга тушиб қолди. Тарихчи эмасманми, кон-металлургия соҳасида кўплаб олимлар қаторида Агрикола тўғрисида ҳам озми-кўпми билардим.
ХI асрнинг буюк олими Абу Райҳон Берунийнинг “Қимматбаҳо жавоҳирлар ҳақида билимлар китоби”, яъни “Минерология” асарида Беруний бобомиз Агриколадан ҳам бир неча асрлар олдин конлар, қимматбаҳо тошлар тўғрисида жуда қимматли маълумотлар берганлиги мени бу мавзуга янада қизиқтирди. Дарвоқе, халқимизда оққан дарё оқаверади, деган ибратли мақол бор. Ўзбекистон азал-азалдан буюк мутафаккирлар, аллома ва олимларни камолга етказгани билан маълум ва машҳурдир. Юртимизда қадимдан илм-фан тараққий этганлиги бу замин маърифат ва маънавият ўчоғи бўлганидан далолат беради. Аждодларимиз яратган шоҳ асарлар бугун дунё ҳамжамиятининг ҳавас ва эътирофига сазовор бўлиб келаётгани бунинг исботидир.
Ўзбекистон ҳудудида қадимдан ерости бойликлари тадқиқ қилинган. Ўрта асрнинг буюк олимларидан бири – Абу Райҳон Берунийнинг “Минералогия” асарида 30 дан ортиқ қимматбаҳо тош ва минералларнинг номи, уларнинг кимёвий ва физикавий хоссаларини аниқлаш, эритиб синаш, деярли барча қимматбаҳо тош ва турли маъданлар ҳақида илмий маълумотлар берилган. Бу асар асрлар давомида кўплаб тадқиқотчилар учун муҳим қўлланма бўлиб келмоқда.
Ўзбекистонга тааллуқли бўлган маълумотлар асрлар ўтиб, янги илмий далиллар асосида тасдиқланди. XX аср ўрталарида геологлар мамлакатимиз заминидаги ерости бойликларини қидириб топишда катта ютуқларни қўлга киритди. Геологларнинг Ўзбекистон ҳудудида истиқболли олтин конлари мавжудлиги ҳақидаги тахминлари тўлақонли тасдиғини топди. Мамлакатимизда геология мактаблари вужудга келди. Ўзбек геология мактаби ҳозир ҳам чет элларда шуҳрат қозонган. Академиклар Ҳабиб Абдуллаев ва Иброҳим Ҳамробоев ҳамда уларнинг шогирдлари геология соҳасида олиб борган илмий-тадқиқот ишлари билан ҳеч шубҳасиз, ўзига хос мактаб яратган эди.
Ана шу мактаб асосчиларидан бири – машҳур геолог олим И.Ҳ.Ҳамробоев эди. Олимнинг 1958 йилда чоп этилган “Ғарбий Ўзбекистонда магматизм ва постмагматизм жараёнлари” асари юртимизда олтин ва бир қатор бошқа конларни аниқлашга асос бўлди.

Геологларнинг тадқиқотлари натижасида 1958 йилда Қизилқумда жаҳон кон-металлургия саноати тарихида муҳим воқеа – “Мурунтов” олтин кони топилди. Олтин заҳираларининг кўплиги, рудани қазиб олиш технологик шароитларининг қулайлиги боис кон “Аср мўъжизаси”, деб тан олинди. Иброҳим Ҳамробоевнинг номи “Мурунтов” олтин конини топган олим сифатида Ўзбекистон геология фани тарихи зарварақларига муҳрланди. Бу хизматлари учун таниқли олим 1969 йилда собиқ Иттифоқнинг юксак давлат мукофоти билан тақдирланган эди.
Бугун юртимиз геология соҳаси ривожига беқиёс ҳисса қўшган ҳамда “Мурунтов” конини кашф этган олим Иброҳим Ҳамробоев таваллуд топганига 100 йил тўлди. И.Ҳамробоев 1920 йил 5 майда Ўш вилоятининг Ўзган шаҳрида таваллуд топган. 1942 йилда Ўрта Осиё давлат университетининг геология факультетини тугатиб, 27 ёшида фан номзоди, 37 ёшида фан доктори, 46 ёшида Фанлар академияси мухбир аъзоси, 54 ёшида академик даражасига етган илм-фан дарғаларидан биридир. Иброҳим Ҳамробоев ўзининг илмий фаолияти давомида 500 дан ортиқ илмий асарлар – монографиялар, мақолалар, дарсликлар, геологик ҳисоботлар чоп эттириб, геология фани назариясига ҳамда амалиётига ҳам улкан ҳисса қўшган эди.
Иброҳим Ҳамробоевнинг геология фани равнақига қўшган катта ҳиссаси учун янги топилган минералга унинг номи “Khamrabaevit” берилган. Бутун умрини Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг геологияси, ерости конларини ўрганишга бағишлаган олим магматик жинсларнинг петрологияси ва геокимёси ечимлари, метасоматик маҳсумий ўзгаришлари, маъданларнинг пайдо бўлиши ва металлогенияси, ер пўсти чуқурлиги билан боғлиқ магматизм ва металлогения масалаларининг ўзаро алоқадорлиги каби ниҳоятда долзарб муаммолар юзасидан серқирра изланишлар олиб борган ва улкан кашфиётларни амалга оширган.
Минглаб олиму муҳандислар ва бошқа турли касб эгаларининг фидокорона меҳнатлари билан “Мурунтов” конининг очилиши бепоён Қизилқум саҳросини ўзлаштириш даврини бошлаб берди. Натижада одам юрса оёғи, қуш ўчса қаноти куядиган чўл гўзал масканга айланди. Замонавий инфратузилмага эга кончилар шаҳарлари бунёд этилди. Энг сўнгги русумдаги кон техникалари, технологиялар ва қудратли транспорт воситаларига эга корхоналар барпо этилди.
1964 йилда “Мурунтов” конида рудаларни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш тармоғини барпо этиш ишлари бошланди. Собиқ Иттифоқ ҳукуматининг 1964 йил 25 майдаги “Мурунтов” олтин конини ўзлаштириш тўғрисидаги ҳамда шу йил 1 августда Ўзбекистон ҳукуматининг мазкур кон негизида олтинни қайта ишлаш корхонасини қуриш тўғрисидаги қарорлари билан ишлар бошлаб юборилди. 1967 йилда 2-гидрометаллургия заводи қурилиши, 1967 йилнинг 1 мартида эса “Мурунтов“ карьерида биринчи портлатиш амалга оширилиб, конни очиқ усулда ўзлаштириш бошланди. Турли касб эгаларининг том маънода фидокорона меҳнатлари, саъй-ҳаракатлари туфайли 1969 йил 21 июнда биринчи тозаланган соф олтин олишга эришилди. Қизилқум – Ўзбекистоннинг йирик олтин ишлаб чиқариш ҳудудига айланди. 1971 йилдан эътиборан 2-гидрометаллургия заводида 999.9 пробали соф олтин олиниши бошланди.
“Мурунтов” – олтин таркибли рудаларни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича дунёдаги энг йирик кон ҳисобланади. Ундан кейинги ўринларда Грасберг (Индонезия), Голдстрайк, Кортес (АҚШ), Пуэбло Вьехо (Доминикан), Янакоча (Перу) каби конлар туради. Геологлар томонидан “Мурунтов” – дунёдаги олтин захирасига эга энг йирик кон сифатида эътироф этилган.
Бу конининг очилиши ҳақиқатда “Аср мўъжизаси” бўлди. Бунда Иброҳим Ҳамробоев ва у бошчилигидаги геологларнинг хизматлари жуда каттадир. Конининг очилиши туфайли бир пайтлар одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган Қизилқум саҳросида фидойи ва жасоратли инсонларнинг меҳнатлари билан дунёга машҳур Навоий кон-металлургия комбинати ташкил этилди. Навоий, Зарафшон, Учқудуқ, Зафаробод, Нуробод, Заркент каби гўзал ва замонавий шаҳар ва қўрғонлар пайдо бўлди. Бугунги кунда кондан қазиб олинаётган ерости бойликлари мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга катта ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, юртимиз иқтисодиётининг бугунги ривожи, Навоий кон-металлургия комбинатининг улкан тараққиётида шубҳасиз, машҳур олим, мамлакатимиз геология мактаби асосчиларидан бири Иброҳим Ҳамробоевнинг ҳам беназир ҳиссаси бор.
Холмамат РАУПОВ,
тарих фанлари номзоди, доцент.