Мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал бўлди
Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Озода Маҳмудова иштирокида ўтказилган сайёр қабулда аҳолининг соғлиғи ва тиббиёт соҳаси бўйича мурожаатлари, муаммо ва таклифлари тингланди.
Асосан Жиззах шаҳри фуқаролари қатнашган тадбирда мурожаатларнинг 70 фоизи жойда ҳал этилди. Вақт ва маблағ талаб қиладиган масалалар ечими бўйича зарурий чоралар кўрилиб, секторлар ва мутасадди идора раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди ҳамда уларнинг ижроси назоратга олинди.

Шунингдек, сайёр қабулдан сўнг вилоят тиббиёт муассасаларининг тажрибали шифокор ва етук мутахассислари томонидан шаҳар аҳолиси учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ҳам ташкил этилди.
Ушбу тиббий кўрик натижасида аниқланган касалликларнинг даражасидан келиб чиқиб, бу беморларга республика, вилоят ва шаҳар шифохоналарида ётиб даволанишлари учун йўлланмалар берилди. Амбулатория ҳамда уй шароитида даволаниш зарурати бўлган беморлар рўйхати алоҳида шакллантирилиб, оиласида ногиронлиги бўлган, эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларга бепул дори-дармонлар тарқатилди.

Сайёр қабул давомида соғлом турмуш тарзи, тўғри ва хавфсиз овқатланиш, жазирама иссиқдан ҳимояланиш юзасидан зарур тавсиялар берилиб, маърузалар ўқилди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА