Мурожаатлар самараси амалий натижаларда намоён бўлмоқда
Сирдарё вилоятида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишда асосий эътибор уларнинг сонини камайтиришга эмас, кўтарилган масалаларни ўз вақтида ва қонуний ҳал этишга қаратилмоқда. Жорий йилнинг 8 ойида Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган 22 683 та мурожаатнинг 9 950 таси ижобий ҳал этилди.
8 934 та мурожаат ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали қаноатлантирилган бўлса, 873 та мурожаат бўйича тушунтириш берилган. 224 та мурожаатнинг кўриб чиқилиши якунланган, 204 таси узоқ муддатли назоратга олинган. Айни пайтда 1 271 та мурожаат ўрганилмоқда.
Мурожаатлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,6 фоизга камайган. Бироқ бу кўрсаткичнинг ўзи фаолият самарадорлигини белгилаб бермайди. Асосий мезон — фуқаро кўтарган масаланинг қанчалик чуқур ўрганилгани, қонуний ечим топгани ва бунинг натижасида унинг ҳаётида қандай амалий ўзгариш юз берганидир.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари Дилшунос Абдуллаева иштирокида «Фуқаролар мурожаатларини тезкор ва натижадор кўриб чиқиш тартиби» мавзусида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалалар ҳам турлича. Хусусан, 18 ёшгача бўлган болалар нафақаси ва моддий ёрдам, алимент ундириш, даволаниш ёки жарроҳлик амалиёти учун кўмак, иш билан таъминлаш каби ижтимоий масалалар салмоқли ўрин тутмоқда.
Шунингдек, ички йўлларни асфальтлаш ва шағаллаштириш, маиший чиқиндиларни олиб кетиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ичимлик суви учун тўловлар, қарздорлик ва қайта ҳисоб-китоб, электр таъминоти, уй-жой шароитини яхшилаш каби масалалар ҳам фуқароларни ўйлантираётган муаммолар қаторида. Уларнинг ҳар бири ортида муайян инсон, оила ва кундалик ҳаёт билан боғлиқ муаммо тургани мурожаатларни кўриб чиқишда алоҳида масъулиятни талаб этади. Шу боис мурожаатлар сонининг камайиши билан бир қаторда, уларда кўтарилаётган масалаларни чуқур таҳлил қилиш, муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва такрорий мурожаатларнинг олдини олиш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бир масала юзасидан такрорий мурожаатнинг келиб тушиши муаммо юзаки ҳал этилгани ёки уни келтириб чиқараётган сабаблар бартараф этилмаганини кўрсатиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, мурожаатга берилган жавобнинг ўзи эмас, унинг ортидан қандай амалий натижа келгани муҳим. Халқ қабулхонаси фаолиятида ҳам ана шу ёндашув устувор. Мурожаатни қабул қилиш ва уни тегишли ташкилотга йўналтириш — жараённинг дастлабки босқичи. Кейинги жараёнда масъуллар белгиланади, ижро муддатлари назорат қилинади, зарур ҳолларда масала жойига чиққан ҳолда ўрганилади ва якуний натижа баҳоланади.
Айниқса, аҳоли ҳаётига бевосита таъсир қиладиган масалаларда қоғоздаги жавоб билан чекланиш кутилган натижани бермайди. Муаммони жойига чиққан ҳолда ўрганиш, масъул мутасаддиларни жалб этиш ва аниқ чораларни белгилаш унинг самарали ечимини таъминлашга хизмат қилади.
— Бугун фуқаронинг давлат органларига бўлган ишончи, аввало, унинг мурожаатига бўлган муносабатда намоён бўлади. Ҳар бир мурожаат ортида инсоннинг муаммоси, унинг оиласи ва кундалик ҳаёти турганини унутмаслигимиз лозим. Биз учун асосий натижа мурожаатлар сонининг камайиши эмас, балки кўтарилган масалаларнинг ўз вақтида ва қонуний ҳал этилиши, фуқароларнинг розилиги ҳамда мурожаат қилишга сабаб бўлаётган тизимли муаммоларнинг бартараф этилишидир, — деди Дилшунос Абдуллаева.
Дарҳақиқат, мурожаатга муносабат — инсонга муносабат. Шу боис мурожаатларни қабул қилишдан тортиб, масъулларга йўналтириш, ижросини назорат қилиш ва якуний натижани баҳолашга қадар бўлган ҳар бир босқичда масъулият ва натижадорлик муҳим.
Мурожаатнинг ҳақиқий самараси берилган жавобда эмас, инсон ҳаётида юз берган амалий ўзгаришда намоён бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири