Мурожаатлар эътиборсиз қолмади
Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси, 4-сектор раҳбари Д.Юлдашев “Аҳмад Дониш” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказди. Қабулда Бухоро шаҳар Халқ қабулхонаси масъуллари билан биргаликда сектор ишчи гуруҳи ҳамда ҳудуддаги тегишли ташкилотлар масъуллари қатнашди.
Қабулда фуқаролардан бандлик, уй-жой, коммунал-хўжалик, тадбиркорлик, моддий ёрдам, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича 20 га яқин мурожаатлар келиб тушди.
– Раҳбарлар қабул жараёнида ҳар бир мурожаатни атрофлича муҳокама этди, – дейди Бухоро шаҳар Халқ қабулхонаси мудири А. Бекмуродов. – Уларни ижобий ҳал этиш учун масъулларга тегишли вазифаларни белгилаб берди. Эътиборлиси, мурожаатларнинг бештаси шу ернинг ўзида ҳал этилди.
[gallery-15046]
Хусусан, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Дилфуза Наврўзова ҳам сайёр қабулда фарзанди учун таълим кредити ажратиш бўйича қилган мурожаати қаноатлантирилганидан хурсанд.
– Сайёр қабулда қилган мурожаатим ўз жойида ҳал этилди, – дейди фуқаро Д. Наврўзова. – Бундан жуда хурсанд бўлдим. Тўғриси, қўлим калталик қилиб кредит тўлашда қийналаётган эдим. Масъулларга раҳмат.
Бундан ташқари, сайёр қабул доирасида ҳудуддаги кам таъминланган уч нафар шахсга кундалик эҳтиёжда зарур бўлган озиқ-овқат ва маиший воситалар тақдим этилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари.