Мурожаатлар доимий эътиборда
Бухоро вилояти Бухоро шаҳар Халқ қабулхонасига жорий йилнинг ўтган биринчи ярим йиллик даври мобайнида жами бўлиб 1 минг 367 та мурожаат қабул қилинган.
– Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича таҳлил қилинганда жами 887 та мурожаат қаноатлантирилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Азамат Бекмуродов. – Шундан 350 та мурожаат ижобий ечим топган. 524 та мурожаат юзасидан хуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали ҳал қилинган. 25 та мурожаат рад қилинган, 2 та мурожаат тугатилган. 385 та мурожаат юзасидан тушунтириш берилган. 178 та мурожаат жараёнда қолган.

Мазкур мурожаатлар таснифи бўйича таҳлил қилинганда 90 таси уй-жой, ер билан таъминлаш, 82 таси иш билан таъминлаш, 40 таси алимент, 14 та соғлиқни сақлаш, 128 та газ, электр, сув, иссиқлик масалалари, 47 та пенсия ва нафақа тайинлаш, 966 та бошқа хизмат соҳасидаги масалаларни ташкил қилади.
– Ҳудудимизга трансформатор ўтказиб бериш масаласида Халқ қабулхонасига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилгандим, – дейди Отбозор МФЙ Ўзмакон аҳоли пунктида яшовчи Ориф Азимов. – Мурожаат тегишли мутасаддилар томонидан ўрганилди. Натижада трансформатор қўйиб берилди.
– Оилавий шароитим оғирлиги сабаб Халқ қабулхонасига хонадонимни таъмирлашда , таъбиий газ тизимидан қарздорлигимни қоплашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилгандим, –дейди М.Ашрафий МФЙ С.Юсупов кўчаси 33-хонада яшовчи Мушарраф Мўминова. –Мурожаатим атрофлича ўрганилди. Натижада ҳомийлар асосида уйимни таъмирлаш учун қурилиш моллари олиб берилди.

Бухоро шаҳар Отбозор МФЙда яшовчи Дилшода Мухитдинова 2018 йил Иқтисодиёт ва Банк коллежини тугатган. Ҳозирги вақтда "Тадбиркор аёл" ўқув марказининг тикувчилик йўлалишида ўқияпти. Ногирон опаси ва оиладаги 5 нафар аёлни иш билан банд қилиш мақсадида тикувчилик йўналиши бўйича тадбиркорликни йўлга қўйиш учун тикув машинаси беришни сўраб мурожаат қилган. Унинг мурожаати масъуллар томонидан ўрганилиб, унга тикув машинаси олиб берилган.
Шейхон МФЙда яшовчи Анвар Болтаев аҳоли яшаш пунктидаги йўллар ёмон аҳволга келиб қолгани, болалар қиш кунлари мактабга боришида ноқулайликларга учраётганидан норози бўлиб, шаҳар Халқ қабулхонасига ички йўлларни таъмирлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилади. Ўрганишлар натижасида кўча шағаллаштирилди ва ободонлаштирилди.
Лоша МФЙ Кўли шўро кўчасида яшовчи аҳоли номидан Ахад Мўминов жамоавий мурожаат йўллайди. Унда Бухоро туман ва Бухоро шаҳар электр таъминоти корхонаси томонидан трансформаторни таъмирлаш ва устунлар қуришда сансоларликка солиб келаётганлигидан норози бўлади. Натижада Халқ қабулхонаси томонидан ўрганишлар олиб борилади. Мутасаддилар томонидан янги трансформатор ўрнатилди ва устунлар ўтказилди.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами 14 та такдимнома киритилган. Натижада 2 нафар масъул ходим вазифасидан озод этилди. 5 нафар масъулга “Ҳайфсан” интизомий чораси қўлланилди. 19 нафар ходим расман огоҳлантирилди.
Шаҳар бўйича тегишли дафтарларга 11 минг 531 та оила ва фуқаро киритилган. Шундан 10 минг 295 нафари чиқарилиб, ҳозирда 2 минг 464 та қолган.
Зариф Комилов, ЎзА