Мурожаатлар билан ишлашда тизимли ёндашув кучайтирилмоқда
Бугун “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳолати, бу борадаги устувор вазифалар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари атрофлича муҳокама қилинди.
Унда “Ўзтрансгаз” АЖ бошқаруви раиси маслаҳатчиси Лола Шарипова сўзга чиқиб, ташкилотда мурожаатлар билан ишлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳамда эришилаётган натижалар хусусида батафсил тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, мурожаатлар билан ишлаш бугунги ислоҳотлар жараёнининг муҳим талабларидан бири бўлиб, ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашиш устувор вазифа ҳисобланади.

Қайд этилганидек, бугунги кунда давлат идоралари ва ташкилотларда мурожаатлар билан ишлаш тизими изчил йўлга қўйилган. Ҳар бир мурожаатни ўрганиш ва унинг ечимини топиш мақсадида ишчи гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, жойларда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Шу асосда “Ўзтрансгаз” АЖ тизимида ҳам мурожаатларга индивидуал ёндашув таъминланиб, уларни ўз вақтида ва самарали ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Сурайё Сиддиқжонова оммавий сайёр қабуллар самарасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Таъкидланишича, бундай қабуллар тасдиқланган режа-жадвал асосида ўтказилиб, жорий чорак давомида 31 та мурожаат қабул қилинган. Шунингдек, оммавий қабуллар давомида 134 та мурожаат тингланиб, уларнинг аксарияти бўйича жойида ечимлар ишлаб чиқилган.
– Хусусан, Газли ва Когон магистрал газ қувурлари ҳудудларида ўтказилган сайёр қабуллар аҳоли билан бевосита мулоқотни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда мурожаатларнинг асосий қисми ишга жойлашиш, разрядни ошириш, аутсорсинг ва қисқартириш каби масалаларга тўғри келяпти. Ушбу йўналишларда келиб тушаётган мурожаатлар Кадрлар департаменти томонидан жойларга чиққан ҳолда ўрганилиб, ҳар бири бўйича аниқ ва манзилли ечимлар ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, биз фуқаролар билан очиқ мулоқотни таъминлаш ва мурожаатлар ижроси самарадорлигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз, – деди С.Сиддиқжонова.
Мулоқот давомида масъуллар мурожаатлар билан ишлашда кадрлар масъулиятини янада ошириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, тизимда ҳар бир масалага алоҳида ёндашув асосида иш ташкил этилаётгани, бу эса мурожаатларни ўз вақтида ва самарали ҳал этиш имконини бераётгани қайд этилди.
Йиғилиш якунида мурожаатлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА