Мурожаатлар билан ишлаш бўйича вазифалар депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида дастлаб Президентимиз раислигида ўтказилган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган муҳим вазифаларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Депутатлар халқимиз оғирини енгил қилиш, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш бўйича вазир ва ҳокимлар маҳалла даражасида ишлайдиган тизим яратилгани, маҳаллаларда инфратузилма ва аҳоли турмушини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишларни эътироф этди.
Шунингдек, ҳудудларга ажратилаётган маблағларни, аввало, аҳоли энг кўп мурожаат қилаётган масалаларни ҳал этишга йўналтириш ташаббусини алоҳида қўллаб-қувватлади.
[gallery-28182]
— Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар зиммамизга катта масъулият юклайди, — деди фракция аъзоси Барно Бердиева. — Шу сабабли биз жойларда аҳоли муаммоларини ўрганиш, мурожаатларда кўтарилаётган тизимли масалаларни парламент даражасида муҳокама қилиш ва уларни ҳал этишда фаол иштирок этишимиз лозим бўлади. Зеро, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарду ташвиши ётади. Демак, халқимизнинг дарду ташвишлари билан яшаш барчамизнинг асосий вазифаларимиздан бирига айланиши керак.
Йиғилишда бир қатор қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА