Мурожаатлар асосан жойида ҳал этилмоқда
O‘zLiDePнинг "Халқ билан бирга" умуммиллий дастури доирасида Мирзаобод туманида ўтказилган сайёр қабулда фуқаролардан 44 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 26 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар бўйича масъул ташкилотларга аниқ топшириқлар берилиб, уларни ҳал этиш муддатлари ва масъуллар белгилаб қўйилди.
Сайёр қабулда O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Шоҳиста Бозорбоева, халқ депутатлари Мирзаобод туман Кенгаши депутати Мустафоқул Тўраев, партия фаоллари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Қабул давомида фуқаролар асосан электр энергияси таъминоти, ичимлик суви, маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш, ижтимоий ёрдам ва коммунал хизматлар сифати билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаат қилишди. Ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида атрофлича кўриб чиқилиб, қўшимча ўрганиш талаб этадиган масалаларни ҳал этиш юзасидан амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Мулоқот чоғида аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, битирувчи ёш мутахассисларни ҳудудга жалб қилиш, уларни доимий иш билан таъминлаш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу борада билдирилган таклифлар юзасидан масъул идораларга тегишли вазифалар юклатилди.

— “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ташкил этилаётган сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ ва бевосита мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиш ҳамда имкони борича тезкор ҳал этишда ўз самарасини бермоқда. Бу эса давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги мулоқот янада мустаҳкамланиб, одамларнинг розилигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу боис мазкур амалиёт нафақат Мирзаобод туманида, балки вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ҳам изчил давом эттирилмоқда, — дейди O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Шоҳиста Бозорбоева.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири