Мурожаатдан амалий ечимга: SQBда аҳоли билан мулоқот қандай йўлга қўйилган?
Тошкент вилоятида Ўзсаноатқурилишбанк масъуллари иштирокида ўтказилган сайёр қабулда фуқаролардан бири ўз бизнес ғоясини амалга ошириш учун молиявий кўмак сўраб мурожаат қилди. Унинг масаласи учрашув давомида ижобий ҳал этилди. Бугун у тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Бу аҳоли билан бевосита мулоқотнинг амалий самарасини кўрсатувчи мисоллардан биридир. Муҳими, фуқаро ўз масаласи юзасидан нафақат тушунтириш, балки аниқ ечим олди.
Аслида, ҳар бир мурожаат ортида муайян эҳтиёж ёки ҳал этилиши зарур бўлган муаммо туради. Кимдир тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун молиявий кўмакка муҳтож бўлса, бошқа бир фуқарони кредит тўловлари ёки банк хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ масала ўйлантиради. Шу боис мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш, муаммоларнинг сабабини аниқлаш ва амалий чоралар кўриш муҳим аҳамиятга эга.
Мулоқот самарадорлиги – устувор вазифа
Президентимизнинг 2026 йил 1 апрелдаги «Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган.
Фармонда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзсаноатқурилишбанк тизимида аҳоли ва тадбиркорлар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, такрорланаётган муаммоларнинг сабабларини ўрганиш ва уларни бартараф этишга эътибор кучайтирилмоқда.
Бу борада сайёр қабуллар ва очиқ мулоқотлар муҳим ўрин тутади. Чунки бундай учрашувлар фуқароларни қийнаётган масалаларни бевосита эшитиш, уларга жойида тушунтириш бериш ва имконият доирасида ечим топишга хизмат қилади.
Тўққиз ойда қанча мурожаат?
2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзсаноатқурилишбанкка жисмоний ва юридик шахслардан 2 500 дан ортиқ мурожаат келиб тушди.
Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Тошкент шаҳрида қайд этилди – 684 та. Шунингдек, Тошкент вилоятидан 222 та, Сурхондарё вилоятидан 165 та мурожаат йўлланган.
Мурожаатлар таҳлили кредит маблағларини ажратиш ва кредит тўловлари билан боғлиқ масалалар асосий ўрин эгаллаётганини кўрсатмоқда.
Банкда ҳар бир мурожаат белгиланган тартибда ўрганилиб, кўтарилган масала юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Бунда фақат алоҳида мурожаатга жавоб бериш эмас, балки ўхшаш муаммоларнинг такрорланишига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш ҳам муҳим. Зеро, бир фуқаро дуч келган муаммо бошқа мижозларда ҳам учраши мумкин. Уни келтириб чиқарган сабабни бартараф этиш эса мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини оширади.
Танқидий фикрлар ҳам эътибордан четда эмас
Бугун фуқаролар ўз фикр ва эътирозларини банкка бевосита мурожаат қилиш билан бирга, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам билдирмоқда. Бундай чиқишлар банк хизматларидаги айрим масалаларни аниқлаш ва уларга ўз вақтида муносабат билдиришда муҳим ахборот манбаи ҳисобланади.
Ўзсаноатқурилишбанк оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган танқидий мурожаатларни ҳам мунтазам ўрганиб бормоқда. Аниқланган ҳолатлар тегишли бўлинмалар иштирокида кўриб чиқилиб, жамоатчиликка расмий тушунтиришлар тақдим этилмоқда.
Масалан, сентябрь ойининг охирида ижтимоий тармоқларда «SQB Plus» хизматлар пакети учун банк карталаридан 35 минг сўм ечилаётгани юзасидан эътирозлар билдирилди. Мазкур масала банк мутахассислари томонидан ўрганилиб, ушбу тўловнинг мазмуни ва хизматлар пакетидан фойдаланиш шартлари юзасидан қисқа муддатда расмий муносабат эълон қилинди.
Бу каби ҳолатлар мижозларга банк маҳсулотлари ва хизматлари шартларини содда, аниқ ва тушунарли етказиш қанчалик муҳимлигини ҳам кўрсатади.
Асосий мезон – мурожаатнинг амалий ечими
Мурожаатлар билан ишлашда уларни белгиланган муддатда кўриб чиқиш билан бирга, қабул қилинган чораларнинг самарадорлиги ҳам муҳим.
Шу мақсадда банкда мурожаатларни кўриб чиқиш сифати ва муддатларига риоя этилиши доимий назорат қилинади. Такрорий мурожаатларнинг олдини олиш, сайёр қабулларни давом эттириш ва рақамли каналлар орқали мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратилмоқда.
Тошкент вилоятидаги сайёр қабулда ўз бизнесини бошлаш учун кўмак сўраган фуқаронинг бугун тадбиркорлик билан шуғулланаётгани ана шундай мулоқотнинг амалий аҳамиятини кўрсатади. Чунки мурожаатга берилган жавобнинг аҳамияти фақат расмий хат билан эмас, балки фуқаро ҳаётидаги ўзгариш билан ҳам ўлчанади.
Ўзсаноатқурилишбанк учун аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини холис ўрганиш ва қонуний ечим топишга кўмаклашиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.
Банк ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида