Мурғак кўнгилларга қувонч улашиб...
Наврўз халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган миллий байрамларимиздан биридир. Яшариш, янгиланиш ва юксалишларни асрлар давомида тўла намоён қилиб келаётган Наврўзи олам кўнгилларга илиқлик ва эзгуликни ҳам олиб келади.
Шундан бўлса керакки, мамлакатимизда Наврўз байрами арафасида халқимиз хайру саховат қилишга ошиқади. Бу каби эзгу ишларга бой бўлгани билан Наврўзи олам ўзига хос ва бетакрор байрамдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йл 17 февралдаги “2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда кўрсатилганидек, байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлар, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзозлаш, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, Саховат уйларида яшаётганлар, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Меҳр дафтари»га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш белгиланган.
Айни чоғда республикамиз бўйлаб бир қатор хайрия тадбирлари ўтказилмоқда. Тошкент вилояти болалар фтизиатрия сиҳатгоҳида ташкил этилган тадбир улардан биридир.
“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти мутасаддилари, сиҳатгоҳ шифокор ва тарбиячилари, болажонлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари жам бўлган хайрия тадбири тилаклару куй-қўшиқларга, рақсларга уланиб кетди. Эътиборли жиҳати, бу ерда ўз соғлиғини тиклаётган болажонларнинг кўзларида порлаётган қувончу шодон кулгилари, умидли нигоҳлари ҳар қандай инсонни эзгуликка ва хайр-саховатга ундаши тайин.
[gallery-6213]
Тошкент вилояти болалар фтизиатрия сиҳатгоҳи 1936 йил ўз фаолиятини бошлаган. Дастлаб 600 ўринли, ҳозирги кунда эса 150 ўринга мўлжалланган сиҳатгоҳда 11 нафар олий тоифали шифокор, 17 нафар ўқитувчи ва 9 нафар тарбиячи меҳнат қилади. Айни дамда бу ерда 130 нафар бола соғлиғини тиклаб, таълим олмоқда.
– Аввало, Наврўз байрами билан ҳалқимизни, шу хайрия тадбирини уюштирган “Ўзкимёсаноат" АЖ жамоасини, ҳамкасблар ва болажонларимизни табриклайман, – деди сиҳатгоҳ бош ҳамшираси Муҳаббат Мелиева. – Сиҳатгоҳда Тошкент вилоятининг туманлари ва диспансерлардан, кам таъминланган оилалар, чин етимлар ва тубконтактда бўлган болалар ташхисига қараб, икки ойдан олти ойгача соғлиғини тиклайди. Кейин оиласи бағрига қайтарилади. Бу ерда муолажа учун барча зарур тиббий ускуналар мавжуд. Бу йил сиҳатгоҳ яна янги жиҳозлар билан таъминланди. Биномизни қуриш-таъмирлаш учун 4 миллиарддан ортиқ маблағ ажратилган. У ҳар йили жорий таъмирдан чиқарилади. Лекин шунга қарамай, сиҳатгоҳ биноси капитал таъмирга муҳтож.
– Наврўз байрамини нишонлаш миллий қадриятларимиз билан боғлиқ. Шу сабабли, ушбу байрамда ҳамюртларимиз хайрли ишлар қилади. “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти анъаналарга содиқ қолиб, бугунги хайрия тадбирини ўтказишга қўл урди. Бу ерда даволанаётган болажонларни хурсанд қилиш мақсади сумалак қайнатиб, байрам дастурхони ёзилди. Болаларга совға-саломлар улашилди. Келгусида ҳам Тошкент вилояти болалар фтизиатрия сиҳатгоҳидаги болаларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак бериш ниятидамиз, – деди “Ўзкимёсаноат” АЖ Касаба уюшмалари раиси Ғайрат Абдуллаев.
– Сиҳатгоҳга 20 октябрда келганман, – деди янгийўллик етти ёшли Достон Райимбоев. – Ҳадемай уйимга кетаман. Бу ерга соғлиғимни тиклаш учун келдим. Бугунги тадбир менга жуда манзур бўлди. Совғалар олдик. Биз учун байрам дастурхони ва концерт дастури ташкил этилди. Бу йилги Наврўз мен ва ўртоқларим учун унутилмас хотираларга бой бўлди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири