Мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди
Бухоро вилояти Бухоро тумани тиббиёт бирлашмасида илк маротаба пайра касалига чалинган 16 ёшли ўсмир йигитда мураккаб реконструктив жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 4 соатга яқин давом этган мураккаб жарроҳлик амалиётида вилоят кўп тармоқли болалар касалхонаси бош жарроҳи, тиббиёт фанлари номзоди Ўктам Қодиров, мазкур тиббиёт муассасаси жарроҳи Жамшид Ғойипов, Бухоро тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Суннат Сафаров, мазкур муассаса бош жарроҳи Муслима Нуриддиновалар қатнашди.
Шифокорларнинг таъкидлашича, оғир жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган ўсмирнинг умумий аҳволи қониқарли. У тез кунда оёққа туриб кетади.
Пайра ёки талоқ бурчаги синдроми – туғма касаллик бўлиб, болалар орасида 3,8 фоизни ташкил қилади. Бу синдром кўндаланг чамбар ичакни талоқ бурчагида ғайритабиий бурчак ҳосил қилади. Натижада шу қисми кенгайиб, пастга осилиб тушиши билан характерланади. Ичак ҳаракати ва функцияси бузилиши билан боғлиқ оғир асоратлар келтириб чиқаради. Дарддан фориғ бўлишнинг йўли эса жарроҳлик амалиёти билан талоқ бурчаги ҳосил қилган ичак бир қисмини олиб ташлашдир.Таъкидланишича, бу тоифадаги касалликлар жарроҳлиги вилоятда саноқли ўтказилади.
Зариф Комилов, ЎзА