Муқаддас ва муҳим вазифа
Ҳар бир миллатни замин ипига тизилган бир маржонга қиёсласак, уларнинг айрича кўрки ва айрича жозибаси мавжуд. Бу ҳам бўлса, маънавият, маданият, адабиёт ва санъат билан баҳоланади. Хусусан, миллатимиз ҳам ер юзида ўзининг бой маданий қадриятлари, залворли фольклор намуналари, санъати ҳамда адабиёти билан улкан ўрин тутади. Инсон руҳиятини даволовчи энг яхши озуқа ҳам санъат ва адабиётда мужассам. Яхши шеър, яхши қўшиқ ҳар қачон кишини сокинлаштиради, эзгуликка етаклайди. Шоирнинг кечалари уйқусидан кечиб битган дил кечинмалари бутун инсониятнинг қалбидаги энг нозик ҳислари саналса, санъаткорнинг ана шундай гўзал шеърни ёқимли оҳангга солган қўшиғи киши руҳиятидаги нозик торларини оҳиста чертади гўё.
Ана шундай кўнгил кишиларининг меҳнати қадр топиши эса ғоят муҳим саналади. Негаки, ижодкор елкасидаги ижод юки эътибор ва рағбатни талаб этади. Уларга берилган эътибор маҳсули миллат маънавияти учун энг фойдали инвестиция десак, тўғри бўлади. Мамлакатимизда олиб борилаётган инсон қадри ва миллий ғурур ғояларига асосланган сиёсат натижасида ижодкорлар қадри ҳам янги даража касб этмоқда. Бу давлатимиз раҳбарининг санъат ва адабиёт вакиллари билан бўлган учрашувида ўз аксини топди. Унда бир қанча ижодкорларни рағбатлантириш билан бирга, қатор муҳим таклифлар тингланди ва инобатга олинди.

Хусусан, тақдирланганлар орасида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ҳам бўлиб, у Президентга муаллифнинг китобини Ёзувчилар уюшмаси чиқарса-да, Қалам ҳаққи тўлаш имконига эга эмаслигини айтди. Бунга жавобан давлатимиз раҳбари:
"Албатта, кечалари бедор бўлиб ёзилган асарлар меҳнати қадрланиши керак. Бунинг вақти келди. Марҳамат, Бош вазир билан менга аниқ таклиф киритинглар, мен қабул қилишга тайёрман”, – дея жавоб берди.
Мазкур учрашувда нафақат таниқли санъаткорлар, балки соҳанинг кучли педагог мутахассислари ҳам муносиб тақдирланди. Ана шундайлардан бири Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти профессори, моҳир созанда ва хонанда Салоҳиддин Азизбоевдир.
– Менинг ҳам меҳнатим юртбошимиз томонидан қадрланди. Бу нафақат менга, балки оилам, шогирдларим ва барча санъат аҳли учун берилган мукофотдир, – дейди Салоҳиддин Азизбоев. – Биласизми, мени энг тўлқинлантиргани, “Шошиладиган жойим йўқ, бугун сизларнинг ҳар бирингизни қалбдан эшитаман”, деган гаплари бўлди. Президентимиз “Қандай таклиф, қандай тавсия бўлса, бугун мана шу нарсага мен қўл қўяман”, – дедилар.
Дарҳақиқат, мазкур мулоқотдан сўнг ижодкорлар учун кенг имкониятлар яратувчи қатор қонунлар қабул қилинмоқда. Уларнинг яшаш тарзини яхшилаш, саломатлигига эътибор қаратиш каби масалалар қонун билан мустаҳкамланмоқда. Бундай имкониятлардан кейин ижодкорлардан фақат ва фақат залворли асарлар кутиб қолинади. Зеро, миллат маънавияти адабиёт қўлида. Уни бойитиш эса ижодкорлар олдидаги муқаддас ва муҳим вазифадир.
Шербек Исломов, ЎзА