Муносиблар республика босқичига йўл олди
Навоий шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида “Гимнастика барча учун” шиори остида хотин-қизларни оммавий тарзда жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш ва уни янада ривожлантириш мақсадида гимнастрада спорт тури бўйича “Президент Кубоги – 2022” мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.
Мусобақа уч тоифа бўйича – 14 ёшгача, микс ҳамда 45 ёшдан юқори бўлган хотин-қизлар ўртасида ташкил этилди. Тадбирда Хатирчи, Кармана, Қизилтепа, Нурота, Конимех, Навбаҳор туманлари ва Навоий шаҳри жамоалари сафида 150 нафардан ортиқ хотин-қиз иштирок этди.

Якуний натижаларга кўра, 14 ёшгача бўлган жамоалар ўртасида Навоий шаҳрининг “Симпотяшки”, микс баҳсларида Хатирчи туманининг “Ўзбегим аёллари” ва 45 ёшдан юқори бўлган жамоалар ўртасида “Хатирчи зеболари” жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Улар мусобақанинг республика босқичида иштирок этади.

Мусобақа ғолиб ва совриндорлари тақдирланди.
Абдували Бўриев, ЎзА