Муносиб рағбат – муваффақият омили
Бухоро вилояти пиллакорлари 3 минг 90 тоннадан зиёд “кумуш тола” етиштирди. Ҳар қутидан ўртача 59 килограммдан олинган ҳосилни мутахассислар юқори баҳоламоқда.
Бухоро вилояти пиллакорлари 3 минг 90 тоннадан зиёд “кумуш тола” етиштирди. Ҳар қутидан ўртача 59 килограммдан олинган ҳосилни мутахассислар юқори баҳоламоқда.– Баҳорда ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетиши озуқа манбаига жиддий шикаст етказди, – дейди вилоят “Пилла” бирлашмаси раиси Акмал Ғойипов. – Аммо кўп йиллик тажрибага таяниб, тегишли агротехник тадбирлар кўрилиши, ҳудудлар иқлим хусусиятларига мос равишда тут куртаклари қайта ривожланишини инобатга олиб, инкубацияларда қурт уруғлари босқичма–босқич жонлантирилиши, озуқадан тежаб фойдаланилиши ўз самарасини берди.
Жондор, Бухоро, Вобкент, Қоракўл, Олот, Когон ва Ромитан туманлари пиллакорлари хирмонга муносиб ҳисса қўшди. Жондор туманидаги “Очилов Неъмат Бобур”, Бухоро туманидаги “Маъмуров Мансур”, Қоракўл туманидаги “Жонибек Абдусалом ўғли”, Олот туманидаги “Сарвар Худоёров” сингари фермер хўжаликларида ҳар қути уруғдан ўртача 60-70 килограмм ва ундан ошириб ҳосил олинди. Бу кўрсаткич моҳир пиллакорлар Қундуз Ҳамдамова, Собира Амриллаева, Мунира Бақоева ва Гулсара Каримова звеносида 70-83 килограммни ташкил этди.
– Бир қути уруғдан 83 килограмм ҳосил етиштирдик, – дейди пиллакор Қ.Ҳамдамова. – Бундай юқори натижа пиллакорларга кўрсатилаётган эътибор, моддий манфаатдорликнинг ошиб бораётгани самарасидир. Жорий йилда пилланинг харид нархи анча ошди. Режадагидан ортиқ етиштирилган хомашёнинг ҳар бир килограмми учун буюртмачи корхоналар шартномада кўзда тутилган пулни нақд тўламоқда. Бундай қулайлик ва имкониятлар пиллакорларнинг меҳнатига муносиб рағбатдир.
Вилоятда ипак қуртини марказлаштирган ҳолда парвариш қилиш тажрибаси яхши натижа бермоқда.
Туманлардаги қабул қилиш масканларида хомашёга дастлабки ишлов берилиб, қайта ишлаш корхоналарига пешма-пеш жўнатилмоқда.