Муносиб номзодга овоз берамиз
Қарши шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юртида “Ёш сайловчи – 2019” форуми бўлиб ўтди.
Сайлов – 2019
Қарши шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юртида “Ёш сайловчи – 2019” форуми бўлиб ўтди.
Форум жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайлов жараёнида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган.


Дастлаб форум иштирокчилари Қарши шаҳридаги “Эзгулик монументи” ёдгорлиги пойига гул қўйишди.
Қарши шаҳридаги ихтисослашган санъат ва маданият мактабининг симфоник оркестри жамоаси иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Шунингдек, форум давомида ҳуқуқий адабиётлар кўргазмаси ва сайлов қонунчилигига оид викторина ўйинлари ташкил этилди.


Форум иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юртида ҳарбий хизматчи ва курсантлар учун ташкил этилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайлов ўтказувчи 884-сайлов участкаси фаолияти билан яқиндан танишди.
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар, янги Сайлов кодекси мазмун-моҳияти хусусида фикр алмашилди. “Сайлов жараёнларида ёшларнинг фаол иштироки”, “Сайлов жараёнларининг ташкилий ва ҳуқуқий асослари”, “Ўзбекистонда кўп партиявийлик тизимининг ташкилий-ҳуқуқий асослари” мавзуларида маърузалар тингланди.

– Бугунги форум биз талабалар учун ниҳоятда аҳамиятли бўлди, – дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси Зарина Тўхтаева. – Институтимизда партиялар кўрсатаётган номзодларнинг сайловолди дастурлари билан танишаяпмиз. Ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратаётган номзодлар билан суҳбатлашиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олаяпмиз. Биз бу йил илк бора сайловда қатнашиб, муносиб номзодга овоз бериш имконига эга бўламиз.