“Муносиб меҳнат – муносиб ҳаёт асосидир”
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилояти кенгаши томонидан 7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни (Wоrld Day for Decent Work) муносабати билан “Муносиб меҳнат – муносиб ҳаёт асосидир” мавзуида семинар ўтказилди.
2008 йилдан буён меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида 7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни (Wоrld Day for Decent Work) сифатида кенг нишонланади.
Ушбу сана муносабати билан ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва глобал миқёсда ижтимоий адолатни таъминлаш учун ҳаракат қилишга чақириш, муносиб меҳнатнинг аҳамияти ҳақида маълумот бериш мақсадида турли тадбирлар, семинарлар ҳамда акциялар ўтказилади.

Тадбирда ҳар бир ташкилот, корхона, муассасаларда ишчи-ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш, ходимлар саломатлигининг мунтазам назорати, хавфсизлик техникаси, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликларининг олдини олиш борасида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

– Юртимизда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида охирги йилларда иш ҳақи бўйича қарздорликни бартараф этиш, фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш жараёнини соддалаштириш, давлат ташкилотларида ишловчи ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш каби масалалар самарали ҳал этилмоқда, – дейди Федерациянинг Навоий вилояти кенгаши меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Олимжон Бобомуродов. – Шунингдек, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахсларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар бугун ўз самарасини бермоқда. Айниқса, меҳнат қонунчилигининг такомиллаштирилаётгани, меҳнат кодекси ва “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунга аҳоли турли тоифалари учун меҳнат кафолатини кучайтиришга йўналтирилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётганлиги, “Меҳнат муҳофазаси тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганлигини таъкидлаш ўринлидир.

Тадбирда меҳнат бозорининг муҳим институтлари, яъни меҳнат инспекциялари, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, иш берувчиларнинг ижтимоий масъулиятини ошириш борасида ўзаро фикр алмашилди.
Семинар сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга тегишли соҳа мутахассислари томонидан жавоб қайтарилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири