МУНОСАБАТ: Тил байрами – дил байрами
Сал баландпарвоз гапдек туюлиши мумкин, бироқ 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгилангани ҳақида хабарни эштишим билан негадир хаёлимга “Тил байрами – дил байрами” деган гап келди.
Сал баландпарвоз гапдек туюлиши мумкин, бироқ 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгилангани ҳақида хабарни эштишим билан негадир хаёлимга “Тил байрами – дил байрами” деган гап келди. Балки бу гап қаердадир, кимдир томонидан айтилган, кўп марта ишлатилган, ҳатто сийқаси чиқиб кетган ҳам бўлиши мумкин, аммо ўзбек тилини она тили сифатида биладиган, ана шу тилда тилим чиққан, уни бошқа тилларга қараганда кўпроқ яхши кўрадиган инсон, шу миллат вакили сифатида яна юз, минг, ҳатто юз минг марталаб шундай дейишга асосим бор, деб ўйлайман.
Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида давлат тилида иш юритиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича иш бошлаганимга кўп вақт бўлмаганига қарамай ҳамкасблар билан тез тил топишиб кетдик. Бу йўналишда фаолият юритувчиларни кўпчилик техника одами, деб ўйлайди. Тўғрисини айтсам, мен ҳам озгина бўлса-да, шундай фикрда эдим, бироқ адашган эканман. Улар тайёрлаган ҳужжатларни кўриб, бирор “тилчи” тайёрлаган деган хулоса қилиш мумкин.
Иш жараёнида мулоқотга киришар эканмиз, бир неча марта тортишган пайтларимиз ҳам бўлди. Кўпгина ҳужжатлар давлат тилида тайёрланиши билан бирга бошқа, хусусан, рус тилидаги хатлар, иш режалар ҳам йўқ эмасди. Ана шуларни ўзбек тилида тайёрлаш зарур, деган фикрни илгари суришим натижасида кимларгадир ёқмаётганим ҳам рост эди. Рус тилида ишлаш осон бўлганлар учун бир ишни икки марта қилиш кимга ҳам ёқарди, дейсиз. Ана шунда ўз она тилини ҳурмат қиладиганлар томонидан амалда кенг қўлланиб келинаётган усулни таклиф қилдим. Яъни, биз ҳам ўз тилимизнинг ҳурматини жойига қўйган ҳолда ҳар қандай ҳужжатни, айниқса, хатларнинг имзоланган нусхасини давлат тилида тайёрлаш ва зарур бўлса, бошқа тилдаги таржимасини илова қилишга келишиб олдик. Менимча, ишимиз анча осонлашгандек бўлди, ҳамкасблар ҳам бунга кўнди.
10 апрель куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўзбек тили кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуннинг имзоланганини, унга кўра 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланганини эшитган, интернет сайтлари орқали ўқиган бўлсам ҳам ҳамкасбларга индамадим. Чунки бугун ахборот технологиялари ривожланган пайтда бундай имконият ҳаммада бор. Хуллас, бу янгиликни эшитган, ўқиган борки, келиб, худди менинг туғилганим ёки менга тегишли бирор санадек мени табриклай бошлади. Мен бўлсам, “Ана энди ҳам бирор ҳужжатни бошқа тилда тайёрлаб кўринглар-чи...” дея ёлғондан пўписа қилган бўлдим. Аслини олганда эса хурсандчилигимнинг чеки йўқ эди. Кўнглим тоғдек кўтарилганди. Чунки ҳамма давлатларда ҳам она тили алоҳида байрам сифатида нишонланмайди. Биз ана шундай давлатлардан бирига айландик.
Масалан, 1999 йил 17 ноябрь куни ЮНЕСКО томонидан 21 февраль – Халқаро она тили куни деб эълон қилинган. Ва бу сана 2000 йилдан буён тил ва маданий хилма-хилликни ҳамда кўптиллиликни ривожлантириш мақсадида кенг нишонланиб келади. Ўз навбатида, БМТ Бош Ассамблеяси 2008 йилни Халқаро тиллар йили, деб эълон қилган.
Бу сананинг эълон қилинишига 1952 йил 21 февраль куни Даккада (Бангладеш пойтахти) содир бўлган воқеа сабаб бўлган. Шу куни намойишга чиққан талабалар ўз она тили – бенгал тилини мамлакатнинг давлат тилларидан бири сифатида тан олишларини сўраган ва полиция томонидан узилган ўқлардан бир неча талаба ҳалок ҳам бўлган.
Бундан ташқари 14 март Эстонияда (1996), 20 март Францияда (2010), 9 апрель Финляндияда (1980), 20 апрель Хитойда (2010), 23 апрель Англия ва Испанияда (2010), 15 май Осетияда (2003), 6 июнь Россияда (2011), 1 август Озарбайжонда (2001), 31 август Молдавияда (1989), 20 сентябрь Қозоғистонда (1998), 23 сентябрь Қирғизистонда (1989), 9 октябрь Жанубий Кореяда (1945), 9 ноябрь Украинада (1997) тил байрами сифатида нишонланади.
ЮНЕСКО маълумотига кўра, дунёда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб кетмоқда. Уларниг йўқолиши эса бутун бошли маданий ва интеллектуал мероснинг ҳам йўқолишига олиб келмоқда.
Она тилларининг тарқалишини кенг тарғиб қилиш фақатгина тиллар хилма-хиллиги, кўп тилда таълим олиш ёки жаҳон тиллари ва маданий анъаналар билан яқиндан танишиш билан чегараланиб қолмайди, балки улар ўзаро тушунишга асосланган бирдамликни кучайтиради.
1999-2009 йилларда ЮНЕСКО Бош директори лавозимида фаолият юритган К.Мацуура 2003 йил 21 февраль – Халқаро тил куни муносабати билан шундай деган эди: “Нима учун она тилига бунчалик эътибор қаратилмоқда? Чунки тил инсон ижодиётини, унинг барча турфа хиллигини такрорланмас тарзда акс эттиради. Тил нафақат алоқа, зеҳн ва фикрлаш воситаси, балки дунёни қандай кўришимизни тасвирлайди ва ўтмиш, бугун ҳамда келажак ўртасидаги боғлиқликни кўрсатиб беради. Она тиллари ҳар бир инсон дунёга келганидан бошлаб, унда гарчи у кўплаб тиллар эгасига айланса ҳам, ҳеч қачон йўқолиб кетмайдиган ноёб из қолдиради. Хорижий тилни ўрганиш бу – дунёнинг бошқа кўриниши, бошқача ёндашувлар билан танишиш усулидир”.
Бугун бизда ҳам чет тилларини ўрганишга зарур шарт-шароитлар яратилиши билан бирга ўз она тилини чуқур билиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзга миллат тилини ҳурмат қилиш эса тамомила бошқа масала. Чунки Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили экани белгилаб қўйилган бўлса ҳам Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаш, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиш ҳам алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Демак, Ўзбекистонда гарчи давлат тили сифатида ўзбек тили кўрсатилган бўлса-да, бошқа миллатларнинг нафақат тили, балки урф-одатлари ҳам алоҳида ҳурмат қилинади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, ўз тилини ҳурмат қилган маърифатли эл бошқаларнинг она тилига ҳам чуқур ҳурмат билан қарайди.
Нурулло Абдуллаев,
Ўзбекистон Республикаси
ахборот технологиялари ва коммуникацияларини
ривожлантириш вазири маслаҳатчиси.