Мундиалда яна учта нимчорак финалчи аниқланди
Англия қарийб 60 йиллик нохуш анъанага барҳам берган бўлса, Бельгия икки тўп фарқини йўқотиб, мундиаллар тарихидаги энг кечки гол эвазига ғалаба қозонди. Мезбонлардан бири — АҚШ эса бир киши кам бўлиб қолганига қарамай, кейинги босқичга йўл олди.
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилаётган 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатида плей-офф баҳслари кутилмаган бурилишлар, тарихий натижалар ва иродавий ғалабалар билан давом этмоқда.
Жумладан, Англия ва Конго Демократик Республикаси ўртасидаги баҳс плей-оффнинг энг муросасиз учрашувларидан бирига айланди. Африка вакиллари учрашувнинг 7-дақиқасида Сипенганинг голи билан олдинга чиқиб олди. Конголиклар тартибли ҳимоя ва дарвозабон Лионел Мпасининг ишончли ҳаракатлари туфайли узоқ вақт давомида устунликни сақлаб турди.
Бироқ катта ўйинлар тақдирини катта футболчилар ҳал қилади. Англия сардори Харри Кейн аввал 74-дақиқада ҳисобни тенглаштирди, ортидан 86-дақиқада дубль қайд этиб, жамоасига 2:1 ҳисобида ғалаба келтирди.
Бу ғалаба статистика нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Англия терма жамоаси 1966 йилдан бери Жаҳон чемпионатида ҳисобда ортда қолган ҳолда биринчи марта ўйинни ўз фойдасига якунлади. Шу вақтгача рақиб биринчи бўлиб гол урган мундиал баҳсларида инглизлар 13 марта имкониятни бой берган эди.

Сенегал ва Бельгия ўртасидаги учрашув эса ҳақиқий драматик сценарий асосида кечди. Ҳабиб Диарра ва Исмаила Саррнинг голларидан кейин африкаликлар 86-дақиқагача икки тўп фарқи билан олдинда бораётганди. Аммо ўйиннинг ҳал қилувчи дақиқаларида Бельгия терма жамоаси характер намоён қилди.
Аввал Ромелу Лукаку ҳисобни қисқартирди. Орадан кўп ўтмай Юри Тилеманс мувозанатни тиклади. Қўшимча вақтнинг сўнгги сонияларида VAR орқали кўриб чиқилган вазиятдан кейин ҳакам пенальти белгилади. Тилеманс 124-дақиқада 11 метрлик жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, Бельгияга 3:2 ҳисобида ғалаба ва нимчорак финал йўлланмасини тақдим этди.
Эътиборлиси, мазкур гол Жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг кеч урилган гол сифатида расман қайд этилди. Шу тариқа бельгиялик ярим ҳимоячи нафақат жамоасини кейинги босқичга олиб чиқди, балки мундиаллар солномасидан ҳам жой олди.

Плей-оффнинг яна бир баҳсида мезбонлардан бири — АҚШ терма жамоаси Босния ва Герцеговинани 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Биринчи бўлим охирида Фоларин Балогун ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда эса Малик Тиллман жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, учрашувга нуқта қўйди.
Балогуннинг қизил карточка билан майдонни тарк этгани америкаликларнинг режасини ўзгартирмади. Маурисио Почеттино бошчилигидаги жамоа қолган вақтда ҳисобни сақлаб қолди ва 1/8 финал йўлланмасини расмийлаштирди. Энди АҚШни кейинги босқичда иродавий ғалаба қайд этган Бельгия терма жамоаси кутиб турибди.

Шу тариқа, мундиал плей-оффида тобора муросасиз қарама-қаршиликлар юзага келмоқда. Ҳар бир учрашув нафақат кейинги босқич йўлланмаси, балки янги тарих ва рекордлар учун ҳам майдонга айланмоқда.
1/16 финал баҳслари бугун ҳам давом этади. Кун дастуридан Испания — Австрия, Португалия — Хорватия, Швейцария — Жазоир ҳамда Австралия — Миср учрашувлари ўрин олган. Ушбу ўйинлар мамлакатимиз вақти билан 3 июль кунига тўғри келади
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА