Мумтоз санъат тарғиботида ёшлар ҳам фаол
Давлатимиз раҳбарининг "Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан мамлакатимизнинг турли жабҳаларида меҳнат қилаётган бир гуруҳ фаол йигит-қизлар "Келажак бунёдкори" медали билан тақдирланди.
Улар сафида Ўзбек миллий мақом марказининг Юнус Ражабий номидаги "Мақом" ансамбли хонандаси Наргизахон Раҳмонова ҳам бор.
Эътиборга молик жиҳати, мазкур ижодий жамоанинг Рустам Мирминов, Лазизбек Мухторов, Моҳичеҳра Жуманова, Ферузбек Норов, Достонбек Алиев сингари беш нафар ижодкор хонандаси Маданият ва туризм вазирлиги томонидан "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони билан тақдирланди.
Кейинги йилларда миллий мақом санъатимизга бўлган эътибор ушбу санъатнинг мавқеи ва обрўсини тобора юксалтириш, уни юртимиз ва хорижда кенгроқ тарғиб этиш имконини бермоқда. Мақом санъатини ўрганиш ва тарғиб этишда ёшларнинг иштироки тобора ортмоқда.

Юнус Ражабий номидаги Ўзбек Миллий мусиқа санъати институти ташкил этилиб, унинг фаолияти самарали йўлга қўйилди.
Юртимизнинг барча ҳудудларида намунавий мақом ансамбллари иш олиб бормоқда. Болалар мусиқа ва санъат мактабларида ушбу мумтоз санъат ёшларга ўргатилмоқда.
Устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов раҳбарлик қилаётган Юнус Ражабий номидаги "Мақом" ансамбли таркибида ижод қилаётган санъаткорларнинг аксариятини ҳам Наргиза Раҳмонова сингари ёшлар ташкил этиши мақомдек қадимий ва бетакрор, ғоят мукаммал ва мураккаб мусиқа санъатимизга ёш авлоднинг бефарқ эмаслигини кўрсатмоқда.
Наргиза Раҳмонова ёш бўлса-да, мақом ансамблида фаолият кўрсатиши билан бирга Юнус Ражабий номидаги Ўзбек Миллий мусиқа санъати институтида ўқитувчилик қилади.
У ўз ижро йўли, ўз усули ва овозига эга бўлган, изланишлардан тинмайдиган, қийинчиликлардан чўчимайдиган санъаткорлардан саналади.
Наргиза Раҳмонова Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Нодира каби мумтоз адабиётимиз вакиллари сўзлари билан айтилувчи қўшиқларни маромига етказиб ижро этади.
Хонанда яқинда Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишлаб ўтказилган "Энг яхши қўшиқлар танлови"да биринчи ўринга муносиб топилди.
Мақом ансамбли таркибида у бир қатор халқаро ва республика миқёсидаги фестиваллар, танловлар, мусиқий байрам дастурларида, "Назм ва наво" кечаларида фаол иштирок этиб келмоқда.
- Мақом жуда мумтоз, гўзал ва бетакрор санъат, - деди Наргиза Раҳмонова. - Уни тарғиб этиш катта билим ва маҳорат талаб этади. Давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга кўрсатаётган эътибори янада кўпроқ масъулият билан изланиш ва ижод қилишга ундайди.
Назокат Усмонова, ЎзА