Мультимедиа журналистларининг янги авлоди тарбияланади
Тошкентда Рене Фалкнер, Борис Максудов, Бахтиёр Турахонов ва бошқа етакчи мутахассислар бошчилигида ёш журналистларнинг медиа-курслари бошланади, иштирокчилар кастинг асосида танлаб олинади.
Ўқув машғулотлари ЎзЭОАВМА, қатор маҳаллий телеканаллар ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилмоқда.
Кастинг 3-7 май кунлари пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтадиган “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ ” медиаҳафталиги доирасида бўлиб ўтади.
Умумий ҳисобда 100 киши танлаб олинади, улар медиа соҳасидаги бир қатор касблар бўйича чуқур ўқув курсларида таълим олади. Курсларни бошлашдан олдин уларга керакли жиҳозларнинг тўлиқ тўплами - камера, компьютер, камера берилади. Жорий йилнинг сентябрь ойигача давом этадиган курсда талабаларга стипендия берилади.
Ёшлар кўп форматли медиа-контент яратиш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлади. Улар телевидение репортажларини суратга олиш, блог юритиш, ахборот сайтлари учун мультимедиа материалларини тайёрлашни ва радиосюжетлар тайёрлашни ўрганади. Курсларни тугатгандан сўнг, ёшлар универсал медиажурналист сифатида фаолият олиб боришлари мумкин.

Етакчи телеканалларнинг мутахассислари педагог вазифасини бажаради. Улар SMM ва PR, монтаж, видеосъёмканинг хусусиятлари ва сирлари, ахборот дастурларини тайёрлаш, ток-шоуларни яратиш бўйича мутахассисларни тайёрлайди. Ёшлар ўзларининг амалий кўникмаларини пойтахтдаги давлат ва нодавлат телеканалларининг студияларида ривожлантириш имкониятига эга бўлади.
- Замонавий ёшлар кўп қиррали, улар ҳар қандай кўникмаларни тезда ўзлаштириши ва бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишларда ривожланиши, профессионал ўсишга эришиши мумкин. Медиа курслар илғор технологиялар, тажрибали мутахассислар ва замонавий технологиялар ёрдамида теле-, радио- ва интернет журналистикасида фаолият олиб бориш қобилиятига эга мутахассисларни тайёрлаш имконини беради, - дея таъкидлаб ўтди ЎзЭОАВМА раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов.
Лойиҳанинг биринчи босқичида медиа-курслар Тошкентда ўтказилади.
Иккинчи босқичда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан ёшлар танлаб олинади. Ҳар бир вилоятдан 10 нафардан ёшни танлаб олиш режалаштирилган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА