Мулк эгаларининг яқин ҳамкори
Миллий матбуот марказида “Ўзагромашсервис” уюшмаси тизимидаги машина трактор паркларини қишлоқ хўжалик техникалари билан таъминлашда кўрсатилаётган имтиёзли лизинг хизматларини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Миллий матбуот марказида “Ўзагромашсервис” уюшмаси тизимидаги машина трактор паркларини қишлоқ хўжалик техникалари билан таъминлашда кўрсатилаётган имтиёзли лизинг хизматларини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.“Ўзагромашсервис” уюшмаси раиси ўринбосари Х.Қаҳҳоров ва бошқалар мазкур уюшма фермер ва деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга кенг қамровли хизмат кўрсатаётганини таъкидлади. Қишлоқ хўжалиги техникасига сервис хизматлари кўрсатадиган таъминот ва таъмирлаш корхоналарида фермерлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жорий йилда баҳорги дала ишларида қатнашадиган техника воситалари ва ғалла ўриш комбайнларини мавсумий дала ишларига тайёрлаш учун 62 миллиард сўмлик эҳтиёт қисмлар, қишлоқ хўжалиги шиналари ва бошқа турдаги моддий-техник ресурслар етказиб берилди. Бундан ташқари, яқинлашиб келаётган мавсумда ғалла ўриш комбайнларининг бетўхтов ишлашини таъминлаш мақсадида 6,1 миллиард сўмлик эҳтиёт қисмлар захираси яратилди.
Уюшма тизимида маҳаллийлаштириш дастури асосида янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Кейс” ғалла ўриш комбайнлари учун 400 турдан ортиқ, «Магнум» ҳайдов тракторлари учун 100 турдаги янги эҳтиёт қисмлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур қишлоқ хўжалик техникаларини таъмирлаш ва уларга сервис хизмати кўрсатиш учун “ЎзКейссервис” қўшма корхонаси сервис марказлари фаолияти йўлга қўйилган.
“ЎзКейссервис” қўшма корхонасининг вилоятларда жойлашган бўлимлари “Нью-Холланд” ғалла ўриш комбайнлари, “TL 100” “TS 135”, “Т-7060” ҳайдов тракторлари, чигит экиш сеялкалари каби юқори унумли техникаларни кафолатли тарзда таъмирлаб бермоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда йил сайин қишлоқ хўжалик техникалари сонининг ортиши туман МТПлар ва “Агротехсервис МТП” масъулияти чекланган жамиятларининг таъмирлаш ва замонавий сервис хизматларига талабни оширмоқда. Жумладан, 2015 йилда таъмирлаш ва кўрсатилаётган сервис хизматлари ҳажми 82 миллиард сўмдан ошган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 96 миллиард сўмдан ортиши кутилмоқда.
Анжуманда «Ўзагромашсервис» уюшмаси томонидан техник хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришни янада ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.