Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида “Зулфия издошлари — Янги Ўзбекистоннинг ёрқин келажаги” мавзусида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибаева, ижод мактаби директори, сенатор Покиза Аҳмеджонова, шунингдек ижодкорлар, фаол хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этишди.

Тадбир давомида мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса иқтидорли ёшларни рағбатлантиришга қаратилган давлат сиёсати ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Таъкидланганидек, Президент қарорига мувофиқ ҳар йили Зулфия номидаги Давлат мукофоти юксак ахлоқий фазилатлари, билим ва истеъдоди, ташаббускорлиги ҳамда таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолиятидаги ютуқлари билан ажралиб турган иқтидорли қизларга топширилади. Бу эса ёш авлоднинг ўз иқтидорини рўёбга чиқаришига хизмат қилаётган муҳим рағбат воситаси сифатида эътироф этилди.

Жорий йилда мазкур нуфузли мукофотга Сирдарё вилоятидан ҳам икки нафар иқтидорли қиз муносиб деб топилди. Жумладан, Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг 11-синф ўқувчиси Зулайҳо Мингбоева адабиёт йўналишида, Ўзбек миллий мақом санъати маркази Сирдарё вилояти бўлимининг созандаси Олимахон Маҳмудова эса мақом йўналишида ушбу юксак эътирофга сазовор бўлди.
Учрашувда 2025 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган Жасмина Шералиева — Гулистон давлат университети санъатшунослик факултетининг 2-босқич талабаси ҳам иштирок этиб, ёшлар билан самимий мулоқот қилди. У ўз тажрибаси ва изланишлари ҳақида сўзлаб, муваффақиятга эришишда меҳнат, сабр ва устозлар маслаҳати ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Тадбирда мукофот соҳибалари ўз ҳаётий йўли, изланиш ва ижодий меҳнат орқали қўлга киритилган ютуқлари ҳақида батафсил сўзлаб беришди. Хусусан, Зулайҳо Мингбоева бу юксак эътирофга эришиш осон кечмаганини, ота-онаси ва устозларининг доимий қўллаб-қувватлаши, шунингдек ўзининг тинмас изланиши бу йўлда муҳим омил бўлганини қайд этди. У тадбир иштирокчиларига ўз шеърларидан намуналар ўқиб бериб, ёшларни ижодга, китобхонликка чорлади.
Мақом йўналишида мукофотга сазовор бўлган Олимахон Маҳмудова эса миллий санъатга бўлган меҳр ва садоқат инсонни катта ютуқларга етаклашини таъкидлади. У чанг созида ўзбек мумтоз куйларидан бирини ижро этиб, йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.

Учрашув иштирокчилари таъкидлаганидек, бундай маънавий-маърифий мулоқотлар ёшларнинг орзу ва мақсадларини мустаҳкамлайди, уларни илм-фан, адабиёт ва санъатга янада қизиқтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, бу каби тадбирлар иқтидорли қизларнинг янги авлодини камолга етказишга, мамлакат келажаги учун фидойи, билимли ва ташаббускор ёшларни тарбиялашга замин яратади.
Тадбир якунида Зулфия мукофоти соҳибалари ёшларга эзгу тилаклар билдириб, Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабидан келгусида яна кўплаб “Зулфия қизлари” етишиб чиқишига ишонч билдиришди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири