"Мукофот менга фахр ва мамнуният ҳиссини бағишлади"
Замондошларимиз
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида бир гуруҳ фидойи, ўз ишининг усталари бўлмиш аёлларга мамлакатимизнинг юксак мукофотлари топширилди. Президентимизнинг фармонлари билан мукофотланганлар орасида устоз журналист, “Тонг юлдузи” газетаси бош муҳаррири Феруза Одилова ҳам бор бўлиб, унга II даражали “Соғлом авлод учун” ордени берилди. Ф.Одиловани суҳбатга чорладик.
– Феруза опа, болалик пайтларингиз қандай ўтган? Шу ҳақда сўзлаб берсангиз.

–Болалигим жуда ҳам ажойиб ўтган. 1965 йил 29 апрелда Тошкент шаҳрида туғилганман. Ота-онам зиёли инсонлар бўлишгани учун бизнинг ҳам ўқишимизга, таълим олишимизга катта эътибор қаратишган. Ўзлари етимликда катта бўлишган. Шунинг учун бўлса керак, бизни ҳам оиланинг, ота-онанинг қадрига етишга ўргатишган. Ҳеч нарсага зориқтирмай, бекаму кўст улғайтиришга ҳаракат қилишган.
Отамнинг каттагина кутубхонаси бор эди. Ундан қўшниларимиз ҳам бемалол фойдаланишарди. Аксарият китобхонлар китобларни ўз вақтида қайтаришмасди. Мен эса пишиққина бўлган эканманми, “ўқиб бўлдингизми” деб сўрайвериб, уларни безор қилиб юборардим, китобимизни қайтариб олмагунча тинчимасдим. Шундай пайтларда отам менга: “китоб ёққан бўлса, ўзида олиб қолаверсин, сўрамагин”, деб танбеҳ ҳам берардилар. Мактабимизнинг юқори синфларида ўқийдиган қўшни болалар ҳам тез-тез китоб сўраб келишарди. Улар китобни эртаси куниёқ қайтариб олиб келишса, менда савол туғиларди: “Китобни ростдан ўқишдимикин ёки шунчаки олиб, қайтариб беришдими?”. Саволимга жавоб топмагунча кўнглим жойига тушмасди, ўқиган китобларининг мазмунини сўрайвериб, ҳоли-жонига қўймасдим.
– Таълим олган йилларингиз ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз. Албатта, инсоннинг камолга етишида ушбу даврнинг ўрни беқиёс, ғоят қимматли.
– Бирлик маҳалласида 197-мактаб бор. Ўша мактабни кумуш медаль билан тугатганман. Синфдошларимнинг деярли ҳаммаси яхши ўқишган. Шунданми, мактабни битиришгач, институт, университетларда ўқишиб, олий маълумотли бўлишди. Ўшанда биз битирувчиларнинг 2 таси олтин, 9 таси кумуш медаль билан тақдирланишди. Бунда албатта билимли, талабчан устозимиз Ўғилой опанинг ҳиссаси катта эди. Муваффақиятларимиз замирида устозимизнинг меҳнатлари, чеккан заҳматлари ётади. То мактабни тамомлагунимизча Ўғилой опанинг назоратида бўлганмиз. Кимдир фан олимпиадаларида, танловларда ғолиб бўлса, албатта, опанинг меҳнатлари эътироф этиларди. Аксинча, шўхлик қилган болаларни жазолаш учун ҳам яна Ўғилой опанинг олдига олиб боришарди. Биз учун устозимизни хафа қилиш катта фожеа эди. Шунинг учун ҳам барчамиз мактабимизнинг ички тартиб-қоидасига амал қилишга ҳаракат қилганмиз.

Мактабни тугатгач, ҳужжатларимни ТошДУ (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) нинг ўзбек филологияси факультетининг кечки бўлимига топширганман. Ўша пайтда кечки бўлимдаги талабаларнинг ишлашлари шарт эди. Шунинг учун, 2-курсдан “Тонг юлдузи” газетасида (ўша пайтда “Ленин учқуни” номи билан юритиларди) ишлай бошлаганман. Устозларимиз яхши кутиб олиб, соҳанинг сир-асрорларини ўргатишган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Жаббор Раззоқов, Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Умида Абдуазимова, Тўлқин Ҳайитов, “Шуҳрат” медали соҳиблари Туроб Ниёз, Феруза Жалилова, журналистлар: Фаррух Раҳимов (Аллоҳ раҳмат қилсин), Ёқут Раҳимова, Рустам Рўзматов, Акром Бердимуродов, Дилдора Турахметова, Раъно Камолова, эҳ-ҳе, бу рўйҳатни яна узоқ давом эттириш мумкин...
Мен бугун нимагаки эришган бўлсам, ана шу устозларимнинг меҳри, эътибори, ҳаёт йўлларимни ёритувчи илми, зиёси туфайлидир. Мен улардан беҳад миннатдорман!
Мана энди ўзимиз ҳам шогирдлар етиштиряпмиз. Бор билим-малакаларимизни уларга чин дилдан ўргатяпмиз.
– Ижодингиз ҳақида ҳам суҳбатлашсак. Қандай китоблар ёзгансиз?
– Биласиз, бор ҳаётим, ишим болалар билан боғлиқ. Шунданми, ёзганларим ҳам асосан улар ҳақида. Шу пайтгача “Уйимизнинг девори” номли ҳикоялар, “Олти дона ёнғоқ” номли ҳикоя ва эртаклар ҳамда “Уйғоқ туйғулар” номли ҳикоялар тўпламларим нашр қилинган.

– “Тонг юлдузи” газетаси тарихига оид китоблар ҳам бор экан. Мазкур китоблар ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.
– 2024 йилда “Тонг юлдузи” кутубхонаси лойиҳасида газетанинг 95 йиллигига бағишлаб, “Тонг юлдузи ёритган олам” номли китобимиз кирилл ва лотин алифболарида чоп этилди. Унда “Тонг юлдузи” газетасида узоқ йиллар давомида нашр этилган энг сара материаллар жамланган, Бундан ташқари, ушбу тўпламдан элимизга яхши таниш шоир ва ёзувчиларимизнинг ўқувчилик давридаги ижодий ишлари ҳам ўрин олган.
Ушбу лойиҳа доирасидаги “Болалик кунларимда...” деб номланган иккинчи китоб эса жорий йилда нашрдан чиқди. Китобни ўқир экансиз, унда элимизнинг таниқли инсонлари: олим, санъаткорлари, шунингдек, журналист, шоир ва ёзувчиларининг болалик хотиралари билан яқиндан танишишга муваффақ бўласиз.
– Энди “Тонг юлдузи” газетаси ва шахсан ўзингиз олган мукофотлар ҳақида гапириб берсангиз?
– Аввало газетамизнинг эришган натижалари ҳақида айтиб ўтсам. Газетамиз 2023 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан мукофотланган. Бундан ташқари, 2023 йилда газетамиз таҳририяти журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” миллий халқаро танловининг босма нашрлар йўналиши бўйича “Энг яхши журналистик материал учун” номинациясида 3-ўринни эгаллади. Бу мукофот биз учун жуда кутилмаган бўлган.
Шахсан ўзим олган мукофотларга келсам, 2025 йилда “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловининг “Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун” номинацияси бўйича республика босқичи ғолиби бўлдим ва ўша йилнинг ўзида “Ибратли оила” кўкрак нишони билан мукофотландим. Ҳозир Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаларининг аъзосиман.
Халқаро хотин-қизлар куни арафасида бир қатор хотин-қизларимиз мукофотланишди. Шу ўринда менга ҳам Президентимизнинг шахсан ўзлари II даражали “Соғлом авлод учун” орденини топширди. Бу мукофот менга фахр ва мамнуният ҳиссини берди ва шу билан бирга катта масъулият ҳам юклайди. Биз энди бунданда кўпроқ натижаларга эришишимиз, янада кўпроқ ишлар қилишимиз лозим бўлади.
Акбар Пўлатов суҳбатлашди.
ЎзА