Муҳим масалалар муҳокама этилди
Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши ҳамда O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия шаҳар Кенгаши аъзолари, масъул ходимлари ҳамда мутасадди ташкилот вакиллари иштирок этди.
Йиғилишни депутатлик гуруҳи раҳбари Жонибек Матниёзов олиб борди.
Йиғилишда Республика маънавият ва маърифат маркази Бухоро шаҳар бўлинмаси томонидан 2025 йилнинг ўтган даври давомида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги масала муҳокама қилинди. Ушбу масала бўйича шаҳар бўлинмаси раҳбари Азиз Ҳакимовнинг ахбороти тингланди.

Таъкидланганидек, бўлинма томонидан ўтган давр мобайнида Бухоро шаҳрида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, 205 та маънавий-маърифий тадбирлар, 16 та ижодий кеча, 96 та китобхонлик акциялари ва ярмаркалари, 123 та “Кинокарвон” доирасида миллий кинофильмлар намойиши, 26 та Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги тадбирлар, 16 та аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган ва бошқа кўплаб долзарб мавзуларда тарғибот-ташвиқот ишлари ташкил этилган.
Шунингдек, йиғилишда Президентимизнинг 2023 йил 12 июндаги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ушбу бошқарма бошлиғининг ўринбосари Учқун Худоёровнинг ахбороти тингланди.
Ҳозирда, Бухоро шаҳрида ва вилоят туманларида уста-шогирд анъанасини давом эттирган ҳолда шогирдларга ҳунар сирлари ўргатилмоқда. Жумладан, “Зардўзлик” йўналишида Бухоро туманида Шоира Идиева, Фируз Неъматов, Курсия Қаҳҳорова, Саодат Ёдгорова томонидан зардўзликнинг йўқолиб бораётган заминдўзи йўналиши шогирдларига ўргатилмоқда.

“Чини фаянс ва сопол буюмлари” бўйича Бухоро шаҳар ва Ғиждувон туманида кулоллар иш жойида ҳамда уйида кулолчилик мактаблари ташкил қилинган. Бухоронинг эски шаҳар ҳудудида фаолият олиб бораётган Фозил Шодиев, Салим Тўлаев, Рашид Жўраев томонидан ибратли ишлар олиб борилмоқда. Ғиждувонлик Алишер Нарзуллаевнинг кулолчилик марказларида касб ўрганган 60 дан ортиқ шогирдлар ўзлари мустақил равишда уста-шогирд ўқув курсларни ташкил қилиб бугунги кунда 70 нафар ёшларга кулолчилик сирларини ўргатмоқда.
Йиғилишда маҳаллий ҳунармандларни рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор бериш зарурлигини, умумтаълим мактаблари билан маҳаллий ҳунармандлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилиши лозимлигини, бу борадаги фаолиятни барча билим даргоҳларида доимий йўлга қўйилишини, турли кўрик-танловларнинг ғолибларини аниқлашда бадиий Кенгашларнинг таъсир кучини ошириш зарурлиги ҳам қайд этилди.
Шунингдек, жорий йил давомида партиявий ва депутатлик фаолиятида алоҳида ўрнак кўрсатган фаол халқ вакилларига партия шаҳар Кенгашининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари ҳам топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.