Муҳаммадзоҳид Суяров Германияда нуфузли турнир ғолибига айланди
Германияда шахмат бўйича ўтказилган мукофот жамғармаси 285 минг евродан иборат “Grenke Chess Festival-2026” турнирининг классик йўналишидаги баҳсларида иштирок этган ёш гроссмейстеримиз Муҳаммадзоҳид Суяров 1-ўринни қўлга киритди.
Иқтидорли шахматчимиз Суяров 9 та турдан иборат баҳсларни мағлубиятсиз якунлади. 7 та ғалаба, 2 та дуранг қайд этган Муҳаммадзоҳид 8 очко билан 1-ўринни эгаллаши ортидан 20 минг евро миқдоридаги соврин жамғармасига эга чиқди.

Шунингдек, турнирнинг ушбу йўналишида ўз имкониятини синовдан ўтказган ҳамюртларимиздан Муҳаммадали Абдураҳмонов ва Ҳумоюн Бекмуратов 6,5 очко билан, Гулруҳбегим Тоҳиржонова 6 очко билан 94-ўринни эгаллади.
Мусобақанинг “Freestyle оpen” ўйинларида дона сурган Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркибдаги шахматчиларидан Нодирбек Абдусатторов 7 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 317 нафар шахматчи орасида 7-ўринни, Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов 6,5 очко билан 11 ва 18-қаторларни, Афруза Ҳамдамова 5 очко билан 80-поғонани банд этди.

“Freestyle оpen” йўналишида германиялик Винсент Кеймер 9 та имкониятдан 7,5 очко жамғарган ҳолда қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Франциялик Максим Вашье-Лаграв 7,5 очко билан 2-ўринни, Магнус Карлсен 7 очко билан 3-ўрин соҳибига айланди.
Якунланган “Grenke Chess Festival-2026” мусобақалари давомида шахматчиларимизнинг ишончли ўйин намойиш этиши, дунёнинг энг кучлилари билан кечган баҳсларда катта тажриба тўплаши келгуси мусобақаларда ўз сўзини айтишига ишонч билдириб қоламиз.
Т.Рўзиев,
ЎзА