Муҳаммад ал-Ҳажрий: Ислом цивилизацияси маркази – миллат руҳи ва интеллектуал қудрат ифодаси
Қадим замонлардан буён бу муқаддас заминимизда илм ва маърифат машъали нур сочган, юксак тафаккур соҳиблари камол топган ва уларнинг мероси асрлар оша бутун инсоният учун йўлчи юлдуз вазифасини ўтаб келмоқда.
Вақт ўтгани сайин бу макон ўз бағрида сақлаган маънавий хазиналарни янада теран англаш ва уларни кейинги авлодларга муносиб тарзда етказиш зарурати тобора яққол сезила бошлади.

Ана шундай эҳтиёж ва юксак мақсадлар замирида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат меъморий жиҳатдан, балки маънавий-маърифий мазмуни билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. У гўёки ўтмиш ва бугун, анъана ва замонавийлик ўртасидаги узвий боғланишни ифода этувчи тимсол сифатида намоён бўлади. Бу масканда жамланган ҳар бир ғоя, ҳар бир экспозиция инсон тафаккурини юксалтириш, уни ўз илдизларига қайта назар ташлашга ундайди.
ЎзА мухбири ушбу марказнинг мусулмон дунёсида тутган ўрни, унинг жаҳон цивилизациясига қўшаётган ҳиссаси ҳамда замонавий маънавий-маърифий тараққиётдаги аҳамияти хусусида Ўмон Султонлиги Давлат кенгаши (Парламентнинг юқори палатаси) аъзоси, сенатор Муҳаммад бин Саид ал-Ҳажрий фикрларини ёзиб олди.

– Бу мажмуа нафақат меъморий ва конструктив нуқтаи назарни ифодалайди, балки халқнинг иродаси ва интеллектуал салоҳиятини ҳам ўзида акс эттиради.
Таъкидлаш керакки, ўлкангиз буюк мамлакат, қаерга борманг ҳамма жойда кўҳна тарих гувоҳликларини кўрасиз. Қадимда “Мовароуннаҳр” номи билан машҳур бўлган бу диёрда дунё илм-фани ва ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшган Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Маҳмуд аз-Замахшарий, ал-Фарғоний, Ибн Сино, ал-Хоразмий, ал-Беруний каби етук мутафаккирлар етишиб чиққан.
Биласизми, кўпгина давлатлар миллат руҳини ва цивилизацион ютуқларини акс эттирувчи шундай йирик маданий муассасаларни яратишга интилади. Фикримча, бу икки йўналишда ғоят муҳимдир.

Биринчиси – ташқи йўналиш. Бу жаҳон ҳамжамиятига ушбу халқ ҳали ҳам бунёдкорликка, инсон тафаккурини бойитишга ва уни маънавий озиқлантиришга қодир эканлиги ҳақидаги хабардир. Қолаверса, бу ушбу миллат маълум бир тарихий босқичда тўхтаб қолган ва энди инсоният цивилизациясига ҳисса қўша олмайди, деган стереотипларни тузатувчи таъсирли бир далилдир.
Иккинчиси, ички аҳамият билан боғлиқ. Бу миллатнинг ўзига йўналтирилган мужда бўлиб, бундай масканлар гуллаб-яшнаётган ўлканинг бугуни ва ўтмиши ўртасидаги алоқани мустаҳкамлайди, аҳолида аслида кимлигини ҳис қилиш туйғусини жонлантиради.
Эътиборлиси, бундай мажмуаларнинг интерактив бўлиши, шунчаки статик материалларни тақдим этмасдан, билимларни замонавий шаклларда бериши билан муҳимдир. Мен Ислом цивилизацияси маркази замонавий технологиялардан унумли фойдаланиб бунга алоҳида эътибор қаратаётганини кўрдим.

Ташриф буюрувчилар бино ичини обдон кезар экан, жонли тажрибани ҳис қилади. Аслида, энг яхши маърифий амалиёт – таассурот ва билимни уйғунлаштирган амалиётдир.
Ўзбекистон тарихий ёдгорликларнинг бой захирасига эга давлат. Бундай меросга эга миллат цивилизациялар мулоқотини ривожлантириш ва турли халқлар ўртасида ўзаро тушунишни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Умуман олганда, ўзбек халқи ўз тарихи ва миллий ўзлигига бўлган чуқур ҳурмати, уни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришга қаратилган фаол интилиши, юксак маънавий салоҳияти туфайли шундай муҳташам марказга эга бўлишга лойиқдир.
Ўткир Алимов, ЎзА