Муҳаддислар султони мероси – бебаҳо хазина
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Имом Бухорий – муҳаддислар султони” мавзусидаги VIII анъанавий халқаро анжуман ўтказилди.
Туркиядаги Ҳадис тарихи жамияти, Дижла университети, Ироқдаги Мавсул академияси, Татаристондаги Булғор ислом академияси, шунингдек, Тошкент ислом институти, Ҳадис илми мактаби, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида офлайн ва онлайн форматда ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва хорижлик бухорийшунос олимлар, тадқиқотчилар ва етакчи илмий-таълим муассасалари вакиллари қатнашишди.
Иштирокчилар дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишди. Таомилга кўра, буюк муҳаддиснинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асаридан биринчи ва охирги ҳадислар ўқилди, Қуръони каримдан оятлар тиловат қилинди.

Анжуман очилишида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, Ҳадис илми мактаби раҳбари Барот Омонов буюк муҳаддис қолдирган бой илмий мерос, уни ўрганиш ва халқаро миқёсда кенг оммалаштиришда муассасалараро ҳамкорликнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритдилар. Бу борада яқинда юртимизда ўтказилган “I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” халқаро форуми доирасида бўлиб ўтган “Имом Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” асари – Уммат китоби” мавзусидаги конференцияда муҳим ташаббус ва таклифлар билдирилгани таъкидланди
Илмий муҳокамалар асосан Имом Бухорийнинг ислом цивилизациясида тутган ўрни, ҳадис илми анъаналарининг шаклланиши ва тараққий топишидаги беқиёс хизматлари ҳамда ҳадисшуносликнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асаридаги методологик асослари атрофида кечди. Мулоқотларда шоҳ асарнинг “Китобул илм” (Илм китоби) бўлими таҳлили, хатм манбалари ва у билан боғлиқ анъаналар, шунингдек, алломанинг фавқулодда феноменал хотираси ва илмий салоҳиятига доир тадқиқот натижалари кўриб чиқилди.

– Буюк муҳаддиснинг “Саҳиҳул Бухорий” асари “Китобул илм” бўлимига алоҳида эътибор қаратилиши бежиз эмас, – деди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. – Аллома ўз асарида ҳадислардан олдин илм олиш ва унинг жамият тараққиётидаги ўрнини биринчи ўринга қўйгани манбашунослик нуқтаи назаридан юксак аҳамиятга эга. Бундай ёндашув Имом Бухорийнинг тенгсиз хотираси ва манбаларни текширишга алоҳида масъулият билан қараганини кўрсатади. Бу эса бугунги тадқиқотчилар учун тизимли илмий интизомнинг ёрқин намунаси ҳисобланади
Анжуманда Имом Бухорий асарларини, унга шарҳ ёзиш анъаналарини академик ёндашув асосида оммабоп тарзда турли тилларга ўгириб, жамиятларга тақдим этиш орқали ислом тафаккурининг асл маърифий ва инсонпарварлик моҳиятини бутун дунёга тўғри етказиш мумкинлиги алоҳида эътироф этилди.

Муҳокамалар жараёнида мутахассис ва тадқиқотчилар жамоатчилик эътиборига молик бир қатор муҳим ва теран мулоҳазаларни илгари сурди. Хусусан, ҳадисларни саралашда Имом Бухорий қўллаган ўта талабчан ва аниқ меъёрлар шунчаки ўтмишга оид академик қоидалар бўлмай, бугунги ахборот хуружи ва сохта даъволар кўпайган замонда ахборотни тўғри саралаш ва манбанинг ишончлилигини текширишда бебаҳо дастуруламал экани таъкидланди.
Тадбир якунида халқаро илмий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, манбашунослик соҳасидаги қўшма тадқиқотларни кенгайтириш ва бухорийшунослик бўйича янги лойиҳаларни изчил давом эттириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири