Мудофаа вазири кубоги учун мусобақа
Термиз шаҳридаги “Алпомиш” стадионида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида спортнинг миллий кураш ва тош кўтариш тури бўйича 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Мудофаа вазири кубогининг маҳалла босқичи бўлиб ўтди.
Қизғин баҳсларга бой бўлган мусобақа кекса полвонларнинг кўргазмали чиқишлари билан бошланди. Термиз шаҳридаги 37 та маҳалла фуқаролар йиғини ёшлари қатнашган мусобақанинг кураш беллашувларида полвонлар тўртта вазн тоифасида ўзаро куч синашди. Тош кўтариш мусобақаси ҳам қизиқарли баҳсларга бой бўлди.

Ғолибларга Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Пўлатжон Сативалдиев диплом, медаль ва эсдалик совғаларни тантанали топширди. Тадбир доирасида Термиз гарнизони ҳарбий хизматчиларининг жанговар кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Мудофаа вазири кубоги учун миллий кураш ва тош кўтариш спорт ўйинлари Сурхондарё вилояти туманларида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.



Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири