Мудофаа вазири энг олис мактаблардан бирида бўлди
Юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар боис ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларга муносиб шароитлар яратиб беришга қаратилган тадбирлар ҳар бир ҳудудда давом этмоқда.
Навоий вилояти Учқудуқ тумани Қулқудуқ овулидаги 1-сонли умумтаълим мактабига Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳаммедовнинг ташрифи ҳам ушбу ислоҳотларнинг жойлардаги амалий кўриниши бўлди.
Вазир билан бирга туман ҳокими Учқун Елмуратов, туман прокурори Мақсуд Ортиқов ва ИИБ бошлиғи Анвар Раджапов мактабда олиб борилаётган янгиланишлар, таълим жараёни, ўқитувчилар учун яратилган шарт-шароитлар ва инфратузилма ўзгаришлари билан яқиндан танишди.

Учрашув чоғида ёшларда ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган махсус “Ватанпарварлик” синф хонаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Бу синф хонаси ёшларнинг маънавий баркамоллиги, Ватанга дахлдорлик ҳиссини шакллантиришга қаратилган янги ёндашувнинг намунасидир.
Мудофаа вазири 10-11 синф ўқувчиларидан иборат “Ватан таянчи” отряди аъзолари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Унда ёшлар Ватанга садоқат, масъулият ва жасорат ҳақида ўз фикрларини билдирди, ватанпарварлик руҳига бой шеърлар ижро этди. Бу суҳбат давлат томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар марказида инсон омили, айниқса, ёшлар манфаати туришини яна бир бор намоён этди.

Ёшлар учун энг унутилмас лаҳза ҳарбий вертолётда амалга оширилган учиш тажрибаси бўлди. Бундай имконият ўқувчиларда фахр, руҳланиш ва келажакда ҳарбий хизматга қизиқиш ҳисларини янада оширди. Айрим ўқувчилар бу лаҳзани ўз ҳаётидаги энг катта мотивация сифатида баҳолашди.
Учрашув якунида Мудофаа вазири томонидан мактаб ва мактабгача таълим ташкилотига эсдалик совғалари топширилди.
Ташриф давомида масъуллар овул аҳолиси билан ҳам учрашиб, уларнинг муаммо ва таклифларини эшитди. Бу эса ҳудудлардаги ижтимоий эҳтиёжларни бевосита ўрганиш ва зарур ечимларни белгилашда муҳим аҳамият касб этди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири