Муборакда Хитой инвестицияси асосида алюминий маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, экспортга йўналтирилмоқда
Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида хорижий инвестициялар иштирокида янги саноат қувватларини ишга тушириш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса ҳудуднинг саноат салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда туманда Хитой, Россия, Туркия, Жанубий Корея, Афғонистон ҳамда Эрон давлатлари инвесторлари иштирокида бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари фаолият юритмоқда. Уларда маҳаллий хомашё ва замонавий технологиялар асосида рақобатбардош маҳсулотлар тайёрланиб, ташқи бозорларга етказиб берилмоқда.
Ана шундай корхоналардан бири Хитой капитали иштирокида ташкил этилган “Mu Yuan” корхонасидир. Лойиҳага 2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиб, замонавий ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Корхонада алюминий маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, тайёр маҳсулотлар Хитой бозорига экспорт қилинмоқда. Бу нафақат экспорт ҳажмини ошириш, балки мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Айни пайтда корхонада 30 нафарга яқин маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган.
Муборак туманида амалга оширилаётган бундай инвестиция лойиҳалари ҳудуд саноатини диверсификация қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида аҳамият касб этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири