Муаммоларга мутахассислар ечим берди
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан Сардоба туманидаги Пахтакор маҳалласининг 6 601 нафар аҳолиси учун “Ҳуқуқий маҳалла” лойиҳаси доирасида оммавий қабул ва адлия сайли ўтказилди.
Тадбир давомида жамоатчиликдан 30 дан ортиқ мурожаат қабул қилинди. Улардан 10 таси жойида ҳал этилди, 12 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Қолган масалалар иш юритувга олиниб, назоратга олинди.

Мутахассислар фақат адлия соҳаси билан чекланиб қолмай, газ ва электр таъминоти, сув хўжалиги каби аҳолининг кундалик турмушига дахлдор масалалар юзасидан ҳам жавоб беришди. Бу эса сайлнинг амалий фойдасини янада оширди.

Меҳнат ярмаркасида ишсиз ёшларга иш таклифлари берилди. Ёшлар учун ўтказилган ҳуқуқий викториналар ва спорт мусобақалари эса нафақат ҳуқуқий билимларни оширишга, балки бўш вақтни мазмунли ўтказишга ҳам хизмат қилди.

– Аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини ўз вақтида эшитиш ва ҳал этиш давлатга бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Пахтакордаги бу тадбир шунчаки акция эмас, балки ҳақиқий мулоқот ва ижобий ўзгаришларга бошланғич қадам бўлди, – дейди туман адлия бўлимининг бошлиғи Илҳом Юнусов.

Эътиборлиси, бундай сайллар Сардоба туманидагина эмас, балки вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бу жараён адлия органларини аҳолига яқинлаштириш, ҳуқуқий муаммоларга жойида ечим топиш имконини яратиб бермоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири