Муаммолар босқичма-босқич ҳал этилмоқда
Мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишлар кўлами ортиб бормоқда.
Жумладан, халқаро молия институтлари иштирокида жорий йилда умумий қиймати 2 миллиард 350,6 миллион долларлик жами 22 та инвестиция лойиҳаcи амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида халқаро молия институтлари, жумладан, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестиция банки, Жаҳон банки, Европа тараққиёт ва тикланиш банки, Европа инвестиция банки, Араб мувофиқлаштириш гуруҳига кирувчи Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси ва ОПEК жамғармасининг имтиёзли маблағлари жалб қилинмоқда.
«Ўзсувтаъминот» ахборот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Андижон вилояти Улуғнор туманидаги “Янгиобод” МФЙда ҳам 1 минг 450 метр масофага ичимлик сув қувури тортиш эвазига Чек шўр маҳалласида истиқомат қилувчи 70 та хонадоннинг сув билан боғлиқ муаммоси барҳам топди.
Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳрининг Пирмуҳамедов номли кўчасида диаметри 400 мм.ли бўлган сув қувурида юзага келган носозлик туфайли сув тошаётганлиги тўғрисидаги хабарлар тарқалгани ва “Андижон сув таъминоти” МЧЖ мутасаддилари томонидан бу ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва олиб борилаётган чоралар ҳақида хабар берган эдик. Воқеа содир бўлган куннинг ўзида жамиятнинг тажрибали мутахассислари ва бир нечта техник воситалари жалб этилиб, носозликни зудлик билан бартараф этиш ишлари олиб борилди.
Ҳозир сув қувурида носозлик мавжуд эмас, аҳолига бир маромда сув етказиб берилмоқда. Шунингдек, йўлда пиёдалар ва автомобиллар ҳаракати давом этмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, юзага келган ҳолат истеъмолчиларга ичимлик сувини етказиб бериш таъминотига ва автомобиллар ҳаракатига жиддий салбий таъсир кўрсатгани йўқ.
Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги Қорлиқ маҳалласида 890 та хонадон, 4 минг 895 нафар аҳоли истиқомат қилади. Жорий йилда “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун Қорлиқ маҳалласига ҳам дастур доирасида 3,2 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бунда жами 17 км (асосий сув қувури 9,5 км, ички қувур 7,5 км)га қувур ётқизиш, 60 дона кузатув сув қудуғи ўрнатиш, 1 дона 500 м3 сув сақлаш ҳавзаси (резервуар) қуриш, 1 дона сув иншоотини қайта таъмирлаш ҳамда 485 та хонадонга сув ҳисоблаш асбоби ўрнатилган ҳолда тоза ичимлик сув билан таъминлаш режалаштирилган.
Шундан бугунги кунда 11 км сув қувури ётқизилди, 50 дона сув кузатув қудуқлари ўрнатилган. Шунингдек, сув ҳавзаси қуриш, сув иншоотини қайта таъмирлаш ва ҳар бир хонадонга сув қувурини киритиш ишлари олиб борилмокда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА