Муқобил энергия имкониятлари
Термизда экологик тоза технологияларни амалда ривожлантириш ва жорий қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, табиат манбаларидан мақсадга мувофиқ фойдаланишни ўрганишга бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Термизда экологик тоза технологияларни амалда ривожлантириш ва жорий қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, табиат манбаларидан мақсадга мувофиқ фойдаланишни ўрганишга бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Эко-энергия” илмий-татбиқий маркази ҳамда вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хусусий корхона ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Эко-энергия” илмий-татбиқий маркази раҳбари Зокир Раҳимов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида экологик тоза муқобил энергия манбаларидан фойдаланишнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Сайёрамизда электр энергияси ишлаб чиқаришда қўлланиладиган углеводород хомашёси захиралари йилдан-йилга камайиб бораётган бир пайтда мамлакатимизда муқобил энергия манбаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришга хизмат қилаётир. Саноат корхоналари, тиббиёт, таълим ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари, хусусий корхона ва фермер хўжаликлари замонавий энергия қурилмалари – қуёш станцияси ва коллекторлари билан жиҳозланиб, узлуксиз электр энергияси ҳамда иссиқ сув билан таъминланмоқда.
Сурхондарё вилоятида ҳам муқобил энергия манбаларидан унумли фойдаланаётган корхона, ташкилот ва муассасалар сафи кенгайиб бораётир. Жумладан, Жарқўрғон туманидаги “Charog'on tekstil” трикотаж фабрикаси, Шеробод, Олтинсой, Ангор, Денов, Сариосиё, Термиз, Узун туманларидаги тиббиёт бирлашмаларининг туғруқ бўлимлари, қишлоқ врачлик пунктлари, қатор суғурта компанияларининг вилоятдаги филиаллари, таълим муассасалари ҳамда хусусий секторга ўрнатилган тежамкор қуёш батареялари энергетика хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилашда юксак самаралар бермоқда. Вилоятдаги кўплаб хонадонларда ҳам экологик тоза ва узлуксиз электр манбаси – қуёш батареяларидан унумли фойдаланилаётир.
– Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 майдаги 2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сиғимини қисқартириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастури тўғрисидаги қарори билан мамлакатимизда соҳани изчил ривожлантиришнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган дастури қабул қилингани айни муддао бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Эко-энергия” илмий-татбиқий маркази бўлим бошлиғи Рустам Ёдгоров. – Муқобил энергиядан фойдаланаётган хўжалик юритувчи субъектларга солиқ тўловларида қатор имтиёзлар қўлланилаётгани ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Маълумотларга кўра, муқобил энергиянинг қуёш батареяси ва қуёш коллекторларидан фойдаланиш учун қулай иқлимга эга Сурхондарё вилоятида етмишдан ортиқ хўжалик юритувчи субъект қайта тикланадиган электр манбаларидан фойдаланаётир. Уларнинг ўттизга яқини вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан бепул ўрнатилган.
Кексаларни эъзозлаш йилининг ўтган даврида мазкур жамғарма маблағлари эвазига Денов ва Сариосиё туманларидаги Мурувват уйлари қайта тикланадиган электр энергияси билан таъминланди. Шеробод ва Ангор туманлари тиббиёт бирлашмаларининг туғруқ бўлимлари замонавий қуёш батареяси энергиясидан узлуксиз фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Термиз туманидаги “Сурхон сарвари” фермер хўжалигининг дала шийпонига ҳам ана шундай муқобил энергия қурилмалари ўрнатиб берилди.
– Дала шийпонимизда ўрнатилган қуёш батареяси узлуксиз электр энергияси билан таъминлаб, ишимизни янада унумли ташкил этишда қулайлик яратди, – дейди “Сурхон сарвари” фермер хўжалиги иш юритувчиси Рустам Бойназаров. – Компьютер ва қўл телефонларимиз узлуксиз ишламоқда. Хўжалигимиз пахта даласида олтмишдан ортиқ ишчи меҳнат қилади. Эндиликда улар дам олиш соатларини янада мазмунли ўтказаётир. Шунингдек, муқобил энергия манбасидан фойдаланаётганимиз учун солиқ тўловларида ҳам қатор имтиёз бор экан. Кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар учун давлатимиздан миннатдормиз.
Семинарда юртимизда қуёш энергетикасининг бугунги салоҳияти ва соҳага татбиқ этилаётган янги технологиялар хусусида атрофлича маълумот берилди. Иштирокчилар “Эко-энергия” илмий-татбиқий марказининг муқобил энергия манбаларини жорий этиш амалиёти билан таништирилди.