Муҳим вазифалар таҳлили
Сирдарёда 2016 йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва жорий йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Сирдарёда 2016 йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва жорий йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.Вилоят ҳокими О.Ашурматов бошқарган йиғилишда Президентимизнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасидан келиб чиқиб, вилоятни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ишлар самараси муҳокама қилинди.
Ҳисобот даврида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 8 фоиз ўсишига эришилди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 9,8, истеъмол товарлари 8,4, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 5,5, асосий капиталга инвестиция киритиш 6,1, қурилиш ишлари 7,5, чакана савдо айланмаси 10,3, хизматлар ҳажми 14,7 фоизга ошди. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 1,7 миллион сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,6 фоиз кўпдир.
Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида 14 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 11 минг 500 янги иш ўрни ташкил этилди.
Вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда хорижий инвестиция иштирокидаги қўшма корхоналар ҳиссаси тобора ортиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида хорижий инвестициялар иштирокидаги қўшма корхоналар сони 68 тага етди. Бу йўналишда 70,2 миллиард сўмлик 87 лойиҳа амалга оширилди.
Ҳисобот даврида тижорат банклари томонидан 38 лойиҳага 29,6 миллиард сўмлик кредит ажратилди. 2016-2020 йилларда хизматлар соҳасини ривожлантириш дастури бўйича 1 минг 126 хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этиш белгиланган бўлиб, биринчи ярим йилликда 763 шохобча ишга туширилди ва 2 минг 108 янги иш ўрни яратилди.
Вилоятнинг экспорт салоҳиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳисобот даврида 5 янги корхонанинг экспортга жалб қилиниши ҳисобидан 16 миллион долларлик қадоқланган писта, трикотаж ҳамда мош, ловия, помидор, кўкатлар, карам ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти йўлга қўйилди.
Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилаётган айрим камчиликлар танқид қилинди. Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий муассасаларни куз-қиш даврида барқарор ишлашга ҳозирлаш ҳамда 2016-2020 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Сирдарё вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.