Муҳим вазифалар белгилаб олинди
Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида “Таълимда ислоҳот: ўзгаришни ўзимиздан бошлайлик” мавзусида халқ таълими тизими ходимларининг анъанавий август анжуманлари бўлиб ўтмоқда.
Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида “Таълимда ислоҳот: ўзгаришни ўзимиздан бошлайлик” мавзусида халқ таълими тизими ходимларининг анъанавий август анжуманлари бўлиб ўтмоқда.
Мамлакатимизда таълим тизимига замонавий, илғор педагогик технологияларни жорий этиш, соҳани янада юқори босқичга кўтариш борасида кенг-кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Марҳамат тумани халқ таълими бўлими томонидан ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилди.
Тажрибали ўқитувчи ва мураббийлар, ёш педагоглар иштирок этган анжуманда тизимда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги муҳим вазифалар хусусида атрофлича сўз юритилди. Педагоглар ўзаро тажриба алмашиб, фаолиятлари юзасидан илғор ва самарали усулларни ўрганиш, билим, тажриба ва малака ошириш имконига эга бўлди.
Айни кунда тумандаги таълим муассасаларида 28 минг 600 нафардан зиёд ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Уларга 2 минг 890 нафар педагог-мураббийлар таълим–тарбия беради. Ўқитувчиларнинг 2 минг 200 нафари олий, 600 нафари олий ўқув юртларида сиртдан таълим олаётганлар, 90 нафари эса ўрта махсус маълумотга эга мутахассислардир.
Анжуманда таълим ходимларининг ўтган ўқув йилида эришган ютуқлари, йўл қўйган хато ва камчиликларимизни таҳлил қилиб, янги ўқув йилидаги муҳим вазифалари белгилаб олинди.
– Ўтган ўқув йили мактаб битирувчиларининг 26 нафари имтиёз асосида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди, – дейди Марҳамат тумани халқ таълими бўлими мудири Олияхон Абдувоҳидова. – Айниқса, 25-умумтаълим мактабининг 8 нафар ўқувчиси онлайн тест натижаларига кўра, Россиянинг турли шаҳарларидаги олий ўқув юртларига ўқишга кирганлигини алоҳида эътироф этиш ўринли. Ўқувчиларнинг бундай ютуқларни қўлга киритишларида ўтказилаётган фан олимпиадалари ва билимлар беллашувлари муҳим роль ўйнамоқда.
Ўтган ўқув йилида 9-11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган фан олимпиадаларининг вилоят босқичида 13 нафар ўқувчи фахрли ўринларни эгаллади. Улардан 8 нафари республика босқичида муносиб иштирок этди. Мазкур йўналишда ўқувчиларнинг эришган натижаларга кўра умумий самарадорлик бўйича туман вилоятда энг юқори натижа қайд этди.
Бундан ташқари, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танловида ҳам марҳаматлик ўқитувчилар фаол иштирок этди. Ўтган ўқув йилида белгиланган фанлар бўйича 12 нафар ўқитувчи танловнинг вилоят босқичида ғолиб ва совриндор бўлди. 47-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Гулғунча Мирзаева инновацион ғоя ва иш услуби билан танловнинг вилоят босқичида 1-ўринни қўлга киритди.
Ёш авлодни баркамол вояга етказиш, уларга пухта билим беришда таълим муассасаларида яратилган шарт-шароитлар ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, талабга жавоб бермайдиган таълим масканларида зарур ишларни олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тумандаги 6 та умумтаълим мактабида қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, турли тўгараклар ва спорт секциялари жалб этиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилди. Натижада ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириши ўсди, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари кескин камайди.
Анжуманда ютуқлар салмоғини ҳамда таълимнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, педагогларнинг билим ва малакасини юксалтириш, айниқса, устоз-шогирд мактаби фаолиятини янада такомиллаштириш, илғор педагоглар тажрибасини оммалаштириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди. Бир гуруҳ илғор ўқитувчилар рағбатлантирилди.