МТТ – муҳим таълим-тарбия босқичи
“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз”
Жиззах вилоят мактабгача таълим бошқармаси ташаббуси билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида таълим сифати ва янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати” мавзусида пресс-тур ташкил этилди.
Унда бошқарма ва Шароф Рашидов тумани ходимлари, масъуллар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Пресс-тур аввалида тумандаги 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида болажонларга сифатли таълим-тарбия олишлари учун яратилган шароит ва имкониятлар, шунингдек, якунига етиб бораётган “Ёзги соғломлаштириш ойлиги” доирасида амалга оширилган ишлар борасида батафсил ахборот берилди.
– Бу МТТ 1968 йилда ташкил топган бўлиб, 90 ўринга мўлжалланган 1 қаватли ностандарт бинода жойлашган эди, – дейди 6-сонли ДМТТ директори Сабоҳат Аҳмедова. – 2020-2021 йилларда боғчамиз манзилли дастурга киритилиб, 2 қаватли, замон андозалари асосида тубдан қайта қурилиб фойдаланишга топширилди. Айни пайтда, боғчамизда малакали педагоглар томонидан 285 нафар болажонга сифатли таълим-тарбия бериб келинмоқда.

ДМТТда 9 та асосий ва 1 та қисқа гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган. Янги ўқув йилида 3 та тайёрлов гуруҳ 90 нафар болажонни қамраб олади. Ташкилотда “Илк қадам” давлат дастуридан фойдаланилади.
Менталь арифметика, рақс, бадиий гимнастика, рус ва инглиз тили тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган.

– Болажонларнинг қизиқиши, хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда тўгаракларга йўналтирамиз, – дейди методист Холида Шарофова. – Бундан кўзланган асосий мақсад, болаларга ўз йўналишини топишга кўмак бериш. Ана шундагина таълим сифати ортади, бола ўзида қизиқиш бор йўналишни бемалол ўзлаштира олади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА