Мўйноқда Бухоро давлат педагогика институтининг боғи
Аввал хабар берганимиздек, Бухоро давлат педагогика институтининг кўнгилли ходим ва талаба-ёшларидан иборат жамоаси Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида “Яшил макон” уммуммиллий лойиҳаси доирасида боғ яратиш мақсадида йўлга отланишганди.
Бухоро давлат педагогика институти кўнгиллилар жамоаси Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жамоаси томонидан кутиб олинди.

Бухоро давлат педагогика институти ва Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ўртасида келишув меморандуми имзоланди. Меморандумда икки олий таълим муассасасида биргаликда илмий изланишлар олиб бориш, дастурлар доирасида илмий изланувчилар ва ходимлар алмашиш, фан, таълим вакиллари ва амалиётчиларнинг биргаликдаги тадбирларини ташкиллаштириш, олий ўқув юртларида ташкил этилаётган илмий тадбир ҳақида иккинчи томонни хабардор этиш ва қатнашиш учун таклиф этиш масалаларини йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Бухоро давлат педагогика ва Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтлари талабалари биргаликда 17 ноябрь– Халқаро талабалар кунини нишонлашди. Нукус давлат педагогика институти талабалари томонидан байрам дастури ташкил қилинди. Байрамда Бухоро давлат педагогика институти талабалари ҳам ўз чиқишлари билан иштирок этди.

Мўйноқда бўлиб турган Бухоро давлат педагогика институти жамоаси томонидан бугун эрта тонгдан институт ректори Баҳодир Маъмуров бошчилигида Ўзбекистон Республикаси байроғи қабул қилинганлигининг 32 йиллик шодиёналарига бағишланган юриш амалга оширилди.

Айни пайтда Бухоро давлат педагогика институтининг кўнгилли ходимлари ва талаба-ёшлари Мўйноқда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирларни бошлади. Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани иқлимига мос келадиган минг туп қайрағоч, жийда, саксовул кўчати ва уруғи, қандим, черкес кўчатлари экилади.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири