Мойли экинлар майдонлари кенгаймоқда
Шу кунларда мамлакатимиз далаларида махсар ҳосили ўриб-йиғиб олинмоқда. “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналар янги ҳосилни қабул қилишга пухта ҳозирлик кўрди. Жумладан, фермер хўжаликлари билан хомашё етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланди.
Шу кунларда мамлакатимиз далаларида махсар ҳосили ўриб-йиғиб олинмоқда.“Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналар янги ҳосилни қабул қилишга пухта ҳозирлик кўрди. Жумладан, фермер хўжаликлари билан хомашё етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланди.
– Ҳар йили аҳоли ва фермер хўжаликларида етиштирилган мойли экинлар қайта ишланади, – дейди жамиятнинг қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ғаниев. – Жорий йилда маҳсулот ҳажмини янада кўпайтириш мақсадида мойли экинлар етиштириш истагидаги фермер хўжаликларига шартнома асосида уруғлик ва экиш харажатлари учун бўнак маблағлари ажратилди.
Илгари кунгабоқар фақат аҳоли томорқалари ва айрим хўжаликларда етиштирилар, асосий эътибор йирик уруғли, мағзи пўстлоғидан осон ажраладиган навларга қаратиларди. Энди унинг майда уруғли, таркибида ёғ миқдори кўп турларига талаб ортмоқда. Ушбу экинни етиштириш кўп харажат талаб қилмаслиги деҳқон учун ҳам қулай, ҳам даромадли соҳага айланмоқда.
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, ўсимлик ёғига бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида кунгабоқар, соя, кунжут, зиғир, ерёнғоқ, махсар етиштириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 20 октябрдаги “Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони аҳолини ёғ-мой маҳсулотлари билан таъминлаш ва турини кўпайтиришда дастуриламал бўлаётир.
Бундай экинларнинг кенг миқёсда экилиши маҳаллий навларга бўлган талабни оширади. Мойли экинларнинг эртапишар, серҳосил, касалликларга чидамли янги навларини яратиш борасида Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтининг мойли экинлар селекцияси, уруғчилиги ва агротехнологияси бўлимида изчил изланишлар олиб борилмоқда.
Ана шундай тадқиқотлар натижасида яратилган бир қатор янги навлар давлат реестрига киритилди. Кунжутнинг “Достон”, махсарнинг “Нодир”, соянинг “Нафис”, “Орзу”, кунгабоқарнинг “Наврўз”, “Дилбар” навлари шулар сирасидандир.
Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтининг мойли экинлар селекцияси, уруғчилиги ва агротехнологияси бўлимидаги изланишлар самарасида 2014-2015 йилларда Сербиянинг далачилик ва сабзавотчилик институтидан кунгабоқарнинг “Душко” дурагайи келтирилиб, 16 гектар майдонда етиштирилиб, уруғлик тайёрланди. Жорий йилда тезпишар, серҳосил “Диёр” нави қишлоқ хўжалиги навларини синаш комиссиясига топширилди.
Четдан уруғлик келтириш миқдорини камайтириш мақсадида мойли экинларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва улардан такрорий экин сифатида фойдаланиш чоралари кўрилаётир. Жумладан, Қашқадарё вилоятининг Миришкор, Касби, Косон, Муборак, Қамаши, Қарши туманларидаги фермер хўжаликларида кунгабоқар ва кунжутнинг истиқболли навлари ғалладан бўшаган майдонларда экилиб, тажриба-синов ишлари олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда мойли экинлар майдонларининг кенгайтирилиши ва улардан тайёрланадиган маҳсулотларнинг кўпайиши аҳолининг ёғ-мой маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш ҳамда чорвачиликни изчил ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.