Мойли экинлар майдони кенгаймоқда
Айни кунларда Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида махсар экиш ишлари бошлаб юборилди.
Айни кунларда Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида махсар экиш ишлари бошлаб юборилди.Мамлакатимизда аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, экологик тоза ўсимлик мойига бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида кунгабоқар, махсар етиштириш бўйича изчил чоралар кўрилаётир. Мойли экинларни кўпайтириш аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва фермер хўжаликларининг иқтисодий самарадорлигини янада ошириш имконини беради.
Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 20 октябрдаги “Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони аҳолини ёғ-мой маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилаш ва маҳсулот турини кўпайтириш борасидаги ишлар кўламининг кенгайишида муҳим дастуриламал бўлаётир.
Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмасидан маълум қилишларича, жорий йилда фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда 108 минг гектар майдонда мойли экинлар етиштириш режалаштирилмоқда.
Ўтган йили 100 минг гектар майдонда етиштирилган мойли экинлардан 75,5 минг тонна ҳосил олинган бўлса, бу йил фермерларимиз 62 минг гектар майдонда махсар, 40 минг гектар майдонда кунгабоқар, 6 минг гектар ерда соя етиштириб, 106,5 минг тонна ҳосил олишни мўлжалламоқда. “Евроснар” қўшма корхонаси, “Когон ёғ экстракт”, “Учқўрғон ёғ” акциядорлик жамиятлари кунгабоқар, “Учқўрғон ёғ” акциядорлик ва “Бўстон олами” масъулияти чекланган жамиятлари махсар ҳосилини қабул қилиш ва қайта ишлаш учун тайёргарлик кўрмоқда.
Бундай экинларнинг кенг миқёсда экилиши маҳаллий навларга бўлган талабни оширади. Айни пайтда Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли мойли ва толали экинлар тажриба станцияси жамоаси эртапишар, серҳосил, касалликларга чидамли экин навларини яратишда изчил изланишлар олиб бормоқда. Шундай тадқиқотлар натижасида яратилган бир қатор мойли экин навлари жорий йилда давлат реестрига киритилди.
Юртимизда мойли экинлар майдонларининг кенгайтирилиши ва улардан тайёрланадиган маҳсулотларнинг кўпайиши импорт ўрнини босувчи товарлар ҳажмини ошириш, аҳолининг ёғ-мой маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, чорвачиликни ривожлантириш имконини бермоқда.