Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарори ижроси доирасида Самарқанд давлат университетида “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуманда Самарқанд давлат университети, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Самарқанд археология институти, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва бошқа олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари иштирок этди.
Конференцияда буюк аждодимиз, мотуридийлик ақидавий таълимоти асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва у зотнинг издошлари қолдирган бой илмий-маънавий мероснинг аҳамияти, аллома дафн этилган Чокардиза қабристонидаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари натижаларига оид маърузалар тингланди.
Таъкидландики, мамлакатимизда сўнгги йилларда Имом Мотуридий илмий меросига оид тадқиқотлар сифат ва сон жиҳатидан ошиб, ушбу илмий изланишлар хорижлик олимлар эътиборини ўзига тортмоқда. Анжуманда иштирок этган Индонезия ва туркиялик олимлар Ўзбекистонда мотуридийлик таълимотига қаратилаётган эътиборнинг юксак даражада эканини эътироф этдилар.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломовнинг таъкидлашича, Марказ томонидан Имом Мотуридий ва ул зотнинг издошлари илмий меросини ўрганиш бўйича 49 та китоб, 46 та халқчил рисола, 12 та монография нашр қилинди. Абул Ҳусайн Башоғарийнинг “Исмат ал-анбиё” асари қўлёзмаси асосида илмий-танқидий матн тайёрланди ва Иорданияда нашр қилинди. Қоҳира шаҳрида ушбу китобнинг тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, Абдураҳим ибн Али Шайхзоданинг “Шарҳ ал-Ақоид ат-таҳовия”, Абу Муин Насафийнинг “Табсират ал-адилла”, Манкубарс Носирийнинг “ан-Нур ал-ломиъ” асарининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли академик таржималари амалга оширилди.
Тадбирда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган “Таъвилот ал-Қуръон”, “Китоб ат-тавҳид” асарларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Маълумки, Имом Мотуридийдан бизнинг давримизгача етиб келган асарлар ушбу икки китоб бўлиб, аллома юбилейи муносабати билан мазкур нодир манбалар ўзбек тилига тўлиқ таржима қилинди.
Шунингдек, конференция доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Имом Мотуридий илмий меросига бағишлаб олий таълим муассасалари талабалари иштирокида ўтказилган танлов ғолиблари тақдирланди.
Н.Усмонова, ЎзА